«Dori-Darmon» Aksiyadorlik Kompaniyasi

Bizga ishonch bildirar yoshu-qari!

“BUGUNUZ” телеграм канали ва “Ozodlik.org” сайтининг 2020 йил 14 январдаги мақоласига РАДДИЯ

16.01.2020

“BUGUNUZ” телеграм канали ва “Ozodlik.org” сайтининг

2020 йил 14 январдаги мақоласига

РАДДИЯ

 

“Маҳаллий дори ишлаб чиқарувчилар: Президент қарори ижроси бизни банкротлик ëқасига олиб келди!” сарлавҳаси остидаги мақола фармацевтика соҳасига оид амалдаги қонунчилик мазмун-моҳияти ва “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси фаолияти умуман ўрганилмасдан ноҳолис тайёрланган.  

Сўнгги йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмларини, маҳсулотлар турини, илмий-техник ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича қатор қонун хужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, Президентимизнинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга қаратилган ПФ-5707-сонли фармони ва ПҚ-4438-сонли қарори қабул қилиндики, мазкур икки муҳим ҳужжат орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланмоқда. Дори воситаларининг ноқонуний айланиши, уларнинг суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. Кучли таъсир қилувчи моддалар айланиши тартибга солиняпти.

Жумладан, икки ва ундан ортиқ аналогик маҳсулотни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар давлат харидларида иштирок этган тақдирда давлат буюртмачиси импорт дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш таклифларини рад этиш амалиёти киритилди. Демак, давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини сотиб олишга устуворлик берилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини тиббиёт ташкилотлари томонидан беморга тайинлаши тартибга солинди. Уларнинг ноқонуний чакана савдосига барҳам бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ҳукумат қарорлари билан ишлаб чиқариш мақсадларида импорт қилинаётган хом ашё ва технологик ускуналар божхона тўловларидан озод этилди. Шу билан бирга, Республикамизда ишлаб чиқариладиган 68 турдаги (ҳалқаро патентланмаган номи бўйича) дори воситалари ва 8 турдаги тиббий буюмлари четдан олиб кириладиган бўлса, қўшимча қиймат солиғига тортилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Солиқ кодексининг 208-моддаси 5 ва 13-бандларига кўра, дори воситалари (протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун мўлжалланган инвентарлар,  дори воситалари, ветеренария дори воситалари, тиббиёт ва ветеренария учун мўлжалланган буюмларни) реализация қилиш обороти ҚҚСдан озод этилган. 

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-4554-сонли қарори билан 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган фармацевтика соҳасида ягона сиёсат юритувчи Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мазкур Концепцияни бажарилиши ҳамда дори воситалари, тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, уларнинг улгуржи ва чакана савдоси устидан назоратни амалга оширади.

“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси фармацевтика маҳсулотлари улгуржи-чакана савдоси билан шуғулланади. Компания фақат ўз тизимига кирувчи ижтимоий дорихоналар ва дорихона шаҳобчалари фаолиятини мувофиқлаштиради. Ҳозирги кунда, тизимда жами 2503 та ижтимоий дорихоналар ва дорихона шаҳобчалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улардан 1473 таси ёки 58,9 фоизи қишлоқ оилавий поликлиникалари (717 та) ва врачлик пунктларида (756 та) жойлашган.

Компания ва унинг таркибидаги жамиятлар харид сиёсатини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан алоқалар ўрнатишни устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олган. Хусусан, 2019 йил давомида 50 дан зиёд корхоналардан қарийб 98,4 млрд. сўмдан ортиқ фармацевтика маҳсулотлари ҳарид қилинган.

Компания доимий равишда маҳаллий корхоналар билан очиқ ҳамкорликни амалга ошириб, жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги ишларини кенгайтириб бормоқда.

 

 “Dori-Darmon” АК

Ахборот хизмати

93
Matnda xatolikni ko‘rsangiz, uni belgilab Ctrl+Enter ni bosing.