«Dori-Darmon» Aksiyadorlik Kompaniyasi

Bizga ishonch bildirar yoshu-qari!

Ўзбекистонда дори воситалари ва тиббий буюмлар учун референт нархлар белгиланади

25.11.2019

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 15 ноябрь куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳамда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу ҳақда тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Мутасаддиларга яқин беш йилда маҳаллий асл дори воситалари сонини камида 100 тага етказиш ҳамда саноат усулида ишлаб чиқариш, шу мақсадда корхоналар ва илмий-текшириш институтлари ҳамкорлигида Қибрай туманида замонавий технопарк, шунингдек, Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим даргоҳи филиалини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Замон талабига мос кадрлар тайёрлаш, соҳа мутахассисларининг хорижда малака оширишини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Молия вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига дориларни махсус маркировкалаш ва ҳаракатини назорат қилиш бўйича дастурий таъминот яратиб, 2020 йил якунига қадар амалиётга жорий этиш топширилди. Бу контрафакт дори воситалари айланишига чек қўйиш ва дориларга бўлган реал талабни “онлайн” равишда кузатиб бориш имконини беради.

Айни кунда мамлакатимиздаги тармоқ корхоналарида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган GMP стандарти жорий қилинмоқда. Аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида импорт қилинаётган хорижий дори воситаларини рўйхатга олишда ҳам мазкур стандартга мувофиқлигини мажбурий текшириш тартибини ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди.

Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилган эди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хомашё ва технологик ускуналарни импорт қилишда божхона тўловларидан озод этилди. 

Натижада, сўнгги икки йилда 41 та янги фармацевтика корхонаси ташкил этилиб, шундай корхоналар сони 191 тага етди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ўсди. Фармацевтикага ихтисослашган 8 та эркин иқтисодий зонада қиймати 84 миллион долларлик 18 та янги қувват ишга туширилиб, 600 турдаги дорилар ва 50 дан ортиқ тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лекин бу қувватлар ҳали етарли эмас, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ассортименти ҳам тор. Шу боис ички бозор эҳтиёжлари тўлиқ қондирилмаяпти ва импорт қилишга тўғри келяпти. 

Йиғилишда яна бир муҳим масала – соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлаш ҳолати кўриб чиқилди. Бу борада шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида эндиликда давлат тиббиёт муассасалари учун дорилар хариди, уларни сақлаш ва етказиб бериш янги тартибда амалга оширилиши белгиланди.

Ана шулардан бири референт нарх тизимини амалиётга тадбиқ қилишдир. Ҳўш, референт нарх нима? Унинг жорий қилиниши Республикамиз фармацевтика бозорига қандай таъсир кўрсатади? 
Референт нарх - бу мамлакатда фармацевтика тармоғини тартибга солувчи орган томонидан импорт қилинаётган дори воситаларининг ишлаб чиқарувчилари нархи ва уларнинг бошқа мамлакатларда сотилиш нархларини таққослашдир. Бунда Ўзбекистонга ўз маҳсулотини олиб кираётган барча ишлаб чиқарувчилар дори нархини рўйхатдан ўтказадилар. Таққослаш натижалари нархларнинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймайди. 

Содда тилда айтганда, реферант нархда импорт қилинаётган дори воситасининг ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотини сотаётган 10 та мамлакатдаги нархларини тақдим этади. Бунда ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларининг улгуржи ва чакана бўлмаган, воситачисисиз, асосий нархини тақдим этиши зарур. Бу нархлар кўриб чиқилгач, улар орасидан энг паст нархда сотилаётгани танланади. Ва, шундан кейингина, импорт маҳсулотнинг юртимизга олиб кирилишига рухсат этилади.
Бундай тизимини жорий қилишда, албатта, МДҲ ва бошқа хорижий давлатлар тажрибаси ҳам инобатга олинмоқда. Масалан, айни кунда Озарбайжонда референт нарх 5-10 та давлатга қиёсан олинса, ён қўшнимиз Қозоғистонда ишлаб чиқарувчининг нархи референт давлатлардаги (16 та давлат) нархига асосан олинади. Россияда эса ишлаб чиқарувчининг энг юқори нархи қайд этилади. Тасдиқланган улгуржи ва чакана савдо устамалари қўлланади.

Бундай нарх сиёсати энг аввало, аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, дори воситалари бозорида коррупцияни бартараф этиш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, ижтимоий дорихоналарни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу 1 миллиард доллардан зиёд бўлган мамлакатимиз фармацевтика бозори учун жуда муҳим.

Референт нарх сиёсати босқичма-босқич амалга оширилиб, унинг дастлабки босқичида фақат импорт қилинаётган дори воситалари учун қўлланади. Кейинчалик эса бундай тартиб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳам жорий қилинади. Чунки фармацевтика бозорида ҳозирча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссаси у қадар юқори эмас. Шунинг учун ҳам, Президентимиз 2025 йилгача ички бозорда дори воситалари истеъмол ҳажмининг камида 50 фоизини маҳаллийлаштириш, жумладан, ўзлаштирилган дори номларини ҳозирги 2,5 мингдан 4 мингтага етказиш бўйича кўрсатмалар берди. 

Бунда, қуйидагилар назарда тутилади:

  • танлаб олинган (референт) қўшни давлатлардаги дори воситалари нархларни ягона электрон базаси юритилади;
  • дори воситалари учун таклиф этилаётган нарх қўшни давлатлардаги нархлар билан солиштирилади;
  • дори воситаларини дорихоналардаги нархлари ташқи референт нархдан юқори бўлмаслик талаби белгиланади;
  • импортёрлар, шу жумладан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотининг бўлажак нархлари тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигини веб-сайтида танишиш ва ҳисоб-китобларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Мазкур механизмни амалга оширилиши натижасида:

  • биринчидан, дори-дармон воситалари нархи пасайишига эришилади ва ҳар ҳил дорихоналардаги нархлар тафовути минимумга келади;
  • иккинчидан, импортёрлар томонидан нархлар орқали манипуляция қилиш олди олинади;
  • учинчидан, давлат харидларини амалга оширишда бюджет маблағлари иқтисод қилинади.

Бир сўз билан айтганда, референт нарх механизми дори-дармонларни ҳаддан ташқари ошириб юбориш билан боғлиқ ижтимоий хавфларни камайтиришга хизмат қилади. Янги нархлар тизими фармацевтика бозорида  нархларнинг тўғри шакллантирилиши, хизмат сифатини оширишга ёрдам беради.

69
Matnda xatolikni ko‘rsangiz, uni belgilab Ctrl+Enter ni bosing.