Дориларни шифокор рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш ҳамда дорилар рекламасини чеклаш лозим-Депутат таклифи
Реклама бугун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурдики, кўча-кўйда, жамоат транспортида, оила даврасида телевизор кўриб ўтирганда ҳам, албатта, қандайдир дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва халқ табобати йўли билан даволаш ҳақидаги рекламаларга кўзимиз тушади.Бундай рекламалар нафақат телевизор, радио, матбуотда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам бизни таъқиб этади. Тўғри, телевидениенинг асосий даромад манбаи реклама эканини ҳам тушуниш мумкин. Лекин одамнинг ҳафсаласини пир қиладиган ҳолатлар кўп учраб туради. Шу боис, кўп сонли фуқароларнинг эътирозларидан кейин айнан телевидениедаги рекламаларни кузатиб, бироз таҳлил қилсак.
Ўрганишлар давомида ОАВларда берилаётган рекламаларнинг 50 фоиздан ортиғи айнан дори воситаси, биологик фаол қўшимча ёки бирор бир халқ табобатига оид эканлиги маълум бўлди. Рекламалар гўё биргина дори воситаси ёки биологик фаол қўшимча инсонда оғриқларни, асаб тарангликларини ва ўнлаб дардларни даволар экан-да, деган тасаввур уйғотади.
Реклама берувчилар ҳам анойи эмас, улар фойдаланаётган сўзларни ҳам таҳлил қилиб кўрдик. Дори воситалари ёки биологик фаол қўшимчалар рекламасида кўплаб дардларни санаб ўтиб, охирида шу касалликларни даволашда ёрдам беради, дейишади. Халқ табобатида эса бизга келсангиз, ўзингизни енгил ҳис қиласиз, дейилади.
Лекин истеъмолчи дори воситаси, биологик фаол қўшимча ёки халқ табобати билан боғлиқ реклама берувчига мана мен шуларни истеъмол қилдим ёки даволаш процедураларини ўтказдинглар, дардимга шифо бўлмади-ку, дея эътироз билдирса, уларни жавобгарликка тортиб бўлмайди. Чунки рекламада фақатгина “даволашда ёрдам беради”, “ўзингизни енгил ҳис қиласиз” деган ваъда берилган.
Эътибор берсангиз, бирорта рекламада аниқ бир дардни даволаймиз, “мана шу дори воситаси шу дардга шифо бўлади”, “сиз шу касалликдан тузаласиз”, деган сўз ишлатилмайди, бундай ваъда берилмайди.
Хўш, ушбу вазиятга қандай ечим топиш мумкин?
Ўзбекистон тараққиятини янги босқичида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрилаётганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Бу масалага шахсан давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, март ойи охирида бу борада видеселектор ўтказиб, қатор вазифаларни белгилаб берди. Бугун ҳукумат томонидан аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида берилган топшириқлар асосида жуда катта ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бу жараёнда дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва халқ табобати билан боғлиқ рекламалар масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Шу маънода “Адолат” СДП фракцияси маҳсулотларни сертификатлаш жараёни, кўрсатиладиган халқ табобати билан боғлиқ хизматларни лицензиялаш масалаларини парламент сўрови даражасига олиб чиқиш керак, деб ҳисоблайди.
Бир сўз билан айтганда, саломатликни ҳеч қандай моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Мустаҳкам саломатликка эга инсонгина ўзини бахтли ҳис қилади. Шу нуқтаи назардан, фракция дориларнинг шифокор рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш ҳамда дорилар рекламасини чеклаш лозим, деб ҳисоблайди.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари
- 21 Апреля, 09:56
-
Подробнее