16:03 (24.01.2025)
743
Бугун “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси Бошқарув раиси Салихбаева Умида Саидовна охирги иш кунида йиғилиш ўтказди.
Жамоа 25 йил давомида компаниянинг раҳбари лавозимида ишлаб, компания ривожига муносиб ҳисса қўшган, кўплаб шогирдлар етиштирган ва Ўзбекистон фармацевтикаси ривожида хизмат қилган устозга узоқ умр ва саломатлик тилаб, ҳурмат, эҳтиром кўрсатишди.
Салихбаева Умида Саидовна 1959 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1982 йилда Самарқанд Давлат тиббиёт институтини, 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши Академияси Олий бизнес мактабини тугатган.
У.Салихбаева аспирантурани тамомлагач, 1989 йилда Москва Ревматология илмий-тадқиқот институтида тиббиёт фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Сўнг тўрт йил давомида СамДТИ ички касалликлар пропедевтикаси кафедрасида ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатди. 1995-1998 йилларда Самарқанд шаҳридаги 12-поликлиникага раҳбарлик қилди. 1998 йилда “Асклепий” хусусий фармацевтика фирмаси директори лавозимига таклиф этилди.
1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда “Дори-Дармон” давлат акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимига сайланди.
Йиғилишда компания жамоаси У. Салихбаева бошчилигида амалга оширилган эзгу ишларни эътироф этди, хусусан уларнинг раҳбарлик фаолияти давомида республикамизда икки мингдан зиёд ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари ташкил этилди, 2000 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
2005 йилда ассоциация “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясига айлантирилди.
2020 йил март ойида бошланган карантин тадбирларида “Дори-Дармон” компанияси коронавирусга чалиниб, уйида даволанаётган беморларга дори-дармон воситалари жамланмаси тайёрлашда, коронавирусга чалинган беморларни даволаш марказларига зарур дори воситаларини етказишда кўмак берди.
Бир сўз билан айтганда У. Салихбаева юқори малакали мутахассис, яхши ташкилотчи, давлат органлари томонидан топширилган вазифалар ижросини таъминлашда масъулиятли раҳбар. Атрофдагилардан маслаҳати ва ёрдамини аямайдиган ғамхўр ва меҳрибон инсон. У ўзининг меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, жонкуярлиги ва самимийлиги билан жамоанинг ҳурмат-эътибор қозонган аёл.
У.Салихбаева 2020 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан эл-юрт саломатлиги муҳофазаси йўлидаги камтарона ва фидойи хизматлари туфайли I даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ҳамда Мудофаа вазирлигининг “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Йиғилиш якунида Бошқарув Раиси У. Салихбаева ўзи билан ёнма-ён, елкама-елка ишлаб, компания ривожида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ ходимларга фахрий ёрлиқлар топширди.