17:44 (12.02.2025)
811
"Kedrion Biopharma" компаниясининг вакиллари - вице-президенти Ferdinando Borgese, минтақалараро тижорат директори Duccio Manetti, Шарқий Европа тижорат директори Aleksandar Marinkovich “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясига ташриф буюрди.
Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. "Дори-Дармон” АК бошқарув Раиси Мирзанозим Мирзабекович, кузатув кенгаши раиси Фарҳод Фарадeевич компания ва таркибидаги жамиятлар фаолияти, хусусан, компания 100 дан ортиқ маҳаллий ва чет эллик етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликда ишлаб келаётганлиги, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлашда етакчи ўринда туриши, фармацевтикани ривожлантириш борасида ҳукумат томонидан берилаётган кенг эътибор ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Ўз ўрнида "Kedrion Biopharma" вакиллари ҳам компания томонидан ишлаб чиқарилаётган препаратлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, "Kedrion Biopharma" Ўзбекистонга компания томонидан ишлаб чиқарилаётган ижтимоий аҳамиятга эга, зарур дори воситаларини ҳамёнбоп нархларда етказиб бериш ва қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Kedrion Biopharma— қон ивишининг бузилиши, неврологик касалликлар, шунингдек, бирламчи ва иккиламчи иммунитет танқислиги каби кам учрайдиган, оғир касалликларни даволаш ва олдини олиш учун плазма асосидаги терапевтик воситаларни ишлаб чиқариш ва бутун дунё бўйлаб тарқатиш учун қон плазмасини йиғиш ва фракцияларга ажратиш билан шуғулланадиган, Италиянинг биофармацевтика компанияси ҳисобланади.
Компанияни Европа ва Шимолий Американинг 5 та мамлакатида 7 та ишлаб чиқариш заводлари мавжуд. Қўшма Штатлар ва Чехияда плазма йиғиш марказларини бошқаради ва маҳсулотлари дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларига тарқатиладиэ. Ушбу кўрсаткичлар билан "Kedrion Biopharma" плазмадан олинган маҳсулотлари бўйича дунёда 2-ўринни эгаллайди.
Учрашув якунида “Дори-Дармон” АК ва "Kedrion Biopharma" ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.