08:41 (29.10.2024)
422
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази маълумотларига кўра, Россияда ҳар куни 1150 та янги қандли диабет ҳолатлари қайд этилмоқда.
Беморларнинг йиллик ўсиши Калининград, Чебоксари ёки Брянск каби шаҳарлар аҳолиси сони билан тенг. Қандли диабетнинг иккинчи тури энг кўп учрайдиган касаллик ҳисобланади, деди Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Наталя Мокришева.
Статистик маълумотлар касалликнинг семизлик билан бевосита боғлиқлигини кўрсатади, ҳар учинчи россиялик ундан азият чекади, дея қўшимча қилди у.
Ортиқча вазнли беморларнинг 30% да қандли диабетнинг иккинчи тури ривожланади. Касаллик кўплаб асоратлар, асосан юрак-қон томир касалликлари билан тавсифланади. Қандли диабет билан оғриган беморларда ўлимнинг ярми ўткир юрак-қон томир ҳодисалари, шу жумладан инфарктлар ва инсультлар билан боғлиқ.
Касалликнинг ўсишига қарши курашиш учун Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатнинг барча ҳудудларида эндокринология марказлари тармоғини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бунинг учун 3,6 миллиард рубль (таҳминан 3.7 млн АҚШ доллари) керак бўлади. Шундан бир қисми эндокринология марказлари ва беморлар учун мактаблар ташкил этишга, қолган қисми мавжуд ихтисослаштирилган марказларни модернизация қилишга йўналтирилади.