10:30 (27.12.2022)

2565

Док-1 Макс сиропи ўрганиш натижалари: Жиноят аломатлари мавжуд, барча масъуллар ишдан олинди, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди

Самарқанд шаҳрида Док-1 Макс дори воситасини қабул қилиш натижасида болаларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди

Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилди.

Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи мамлакатимизда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги берган маълумотга кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Юртимизга ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилинган.

Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди.

Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.

Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.

Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади.

Шу ўринда вазирлик ота-оналардан фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмасликларини, дорихоналардан фақат шифокор рецепти билангина дори воситаларини харид қилишларини сўраб қолади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech