11:52 (16.01.2025)
590
Компаниямиз телеграм-каналининг алоқа ботига келган савол:
2025 -йилдан электрон рецепт вилоятларда жорий этилиши бошланади. Мен Қашқадарёнинг чекка ҳудудиданман, бизда алоқа сифати яхши эмас. Шифокор томонидан электрон рецепт расмийлаштирилганда эса беморнинг мобил телефонига СМС келар экан. Алоқа сифати яхши бўлмаган ҳудуларда бу тизим қандай жорий этилади?
Реимбурсация, яъни “харажатларни қоплаш” маъносини англатадиган бу тизим 2025 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида жорий этиш бошланади ҳамда 2026 йил якунига қадар барча ҳудудларда йўлга қўйилиши белгиланган.
Ҳозир дастурга 7 хил сурункали хасталик — гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив хасталиги киритилган бўлиб, уларга чалинган беморларга 27 хил дори-дармонлар бепул берилади.
Тизимдан фойдаланиш имкон қадар соддалаштирилган. Фуқаро, аввало, оилавий шифокорга бориб учрайди. Борди-ю, унда номлари келтириб ўтилган касалликлардан бири ёки бир нечтаси аниқланадиган бўлса, шифокор электрон рецепт шакллантиради.
Сўнг бемор телефонига СМС код келади ва шу код Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонага ҳам боради. Бемор ёки унинг яқинларидан бири шу СМС кодни дорихона ходимига кўрсатиб, рецептдаги дориларни олиши мумкин бўлади.
СМС яхши ишламайдиган жойлардаги беморлар нима қилади? Албатта, бу масала ҳам ҳисобга олинган. Оилавий шифокор томонидан QR-кодли электрон рецепт шакиллантирилади ва беморга берилади. Бемор ёки унинг яқинларидан бири QR-кодли электрон рецептни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихона ходимига тақдим этади ва ўзига керакли дори воситаларини олади.
Аммо шу билан жараёнлар якунланмайди. Бемор ўзи олган дориларни қабул қилиб бўлгач, яна шифокор ҳузурига келади. Шифокор уни текшириб бўлгач, янги электрон рецептни шакллантиради. Бу шу жараён то бемор дарддан тўлиқ фориғ бўлиб кетгуни қадар давом этади.