11:48 (20.02.2025)
450
Ҳозирги кунда дунё бўйлаб 55 миллиондан ортиқ деменсияга чалинган одам бор, уларнинг 60% дан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди. Ҳар йили 10 миллионга яқин янги деменсия ҳолатлари рўй беради.
Деменсия мияга таъсир қилувчи турли патологиялар ва шикастланишлар натижасидир. Деменсиянинг энг кенг тарқалган шакли Aлцгеймер касаллиги бўлиб, бу ҳолатларнинг тахминан 60-70% ни ташкил қилади.
Aйни пайтда деменсия дунё бўйлаб ўлимнинг еттинчи сабаби бўлиб, кекса одамларда ногиронлик ва қарамликнинг асосий сабабидир.
2019 йилда деменсиянинг глобал иқтисодий зарари 1,3 триллион долларни ташкил этган, харажатларнинг тахминан 50% беморларни норасмий парвариш қилиш ва назорат қилиш (масалан, уларнинг қариндошлари ва яқин дўстлари томонидан) билан боғлиқ.
Хотира муаммолари, эҳтимол, деменсиянинг энг машҳур белгисидир. Aммо мия ўзгаришларини билдирадиган бошқа аломатлар ҳам бор ва буни эътиборсиз қолдирмаслик керак.
Пул билан боғлиқ муаммолар
Деменсия билан оғриган одамлар хотира билан боғлиқ муаммоларга дуч келишдан аввал узоқ йиллар давомида молиявий масалаларда қийналиб қолишлари мумкин. Неврология фанлари профессори Уинстон Чионг буни қуйидагича тушунтиради: “Бюджетни бошқариш — бу бош мия бир нечта соҳаларининг ўзаро таъсирини талаб қиладиган мураккаб вазифадир. Ушбу масалада пайдо бўладиган биринчи хатоликлар деменсиядан дарак бериши мумкин”.
Пулни бошқара олмаслик кўпинча деменсиянинг нисбатан кам учрайдиган шакли — фронтотемпорал деменсияга хосдир. Бундай беморлар исрофгарчиликка мойил бўлиб, уларни манипуляцияга қилиш осон бўлади ва шунинг учун катта харидларни амалга ошириши ёки фирибгарлик қурбони бўлиши мумкин.
Уйқу билан боғлиқ муаммолар
Невролог профессор Жо Винернинг қайд этишича, кекса одамларнинг кўпчилиги уйқу билан боғлиқ муаммолар бўлади. Агар кимнингдир уйқу одатлари кескин ўзгариб қолса, уни шифокорга кўрсатиш керак.
“Ухлаш ва уйғониш даврларини тартибга солиш учун жавоб берадиган мия соҳасида бузилишлар бўлса, Альцгеймер касаллиги ривожланиши мумкин. Яъни, уйқу режимидаги бундай ўзгаришлар касаллик аломатлари пайдо бўлишидан бир неча йил олдин содир бўлиши мумкин”, дейди у.
Шахсиятнинг ўзгариши
2023 йилги тадқиқот шуни кўрсатдики, деменсия билан оғриган одамларда когнитив бузилишнинг бошқа белгилари пайдо бўлишидан олдин экстроверсия (мулоқот қобилиятлари ва мулоқот қилиш истаги) ва хушмуомалалик камаяди.
Машина бошқаришда қийналиш
“Машина ҳайдаш кўпчиликка одатий кўникмадек туюлиши мумкин, аммо аслида бу жараён диққатни жамлаш, яхши хотира, тезкор реакция ва манзилни аниқ олиш қобилятини талаб қиладиган мураккаб вазифадир”, дейди умумий амалиёт шифокори Анжела Рай.
2022 йилги тадқиқотларга кўра, когнитив бузилишлар машина ҳайдашда тўсатдан тезлашиш ва тормозлаш, қизил чироқлар ва тўхташ белгиларига аҳамият бермаслик каби ҳолатларда ҳам намоён бўлади. Бунинг натижасида одам бахтсиз ҳодисага учраш эҳтимоли юқоридир.
Ҳид билиш қобилиятини йўқотиш
Миянинг ҳидни билишни бошқарадиган қисмлари Альцгеймер ва Паркинсон касалликлари билан зарарланган мия соҳаларига яқин жойлашади. Aлцгеймер билан оғриган одам ҳидни нотўғри аниқлаши мумкин, Паркинсон касаллигида эса ҳиднинг йўқолишига олиб келиши мумкин.
Юқорида келтирилган барча аломатлар психиатрга мурожаат қилиш учун сабабдир: деменсия қанчалик эрта аниқланса, унинг ривожланишини секинлаштириш имконияти шунчалик юқори бўлади.