09:00 (04.07.2025)
72
Буюк Британиядаги Нортумбрия университети олимлари ялпизли (мята) чойнинг ҳатто кичик қисми ҳам ёши катта соғлом инсонларнинг хотира ва диққатини яхшилаши мумкинлигини аниқлашди.
Тажрибада 20 ёшдан 56 ёшгача бўлган 25 нафар инсон иштирок этди. Ихтиёрий қатнашчилар икки гуруҳга бўлинди: бир гуруҳи ҳар куни 200 мл ялпизли чой, иккинчиси эса — плацеболи илиқ сув ичишди. Ичимликни қабул қилишдан олдин ва кейин иштирокчилар диққат, ишчи хотира, сўзларни қисқа муддатда эслаб қолиш ҳамда тасаввур- кўриш орқали хотирада сақлашни текширувчи бир неча тестларни бажаришди. Бир вақтнинг ўзида олимлар миянинг диққат ва хотирага жавобгар қисмида — префронтал қобиқда — кислород миқдорини ҳам ўлчашди.
Ялпизли чой ичган иштирокчиларнинг барчасида тест натижалари яхшиланди. Шу билан бирга, мияда — хусусан, префронтал қобиқда — қон айланиши ошгани аниқланди.
Аммо тадқиқот натижалари миядаги қон айланиши билан хотира яхшиланиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик йўқлигини кўрсатди. Олимлар фикрига кўра, ялпиз мия фаолиятини қон айланиши орқали эмас, балки ментол — хотира ва ўқишга алоқадор нерв рецепторлари ва нейромедиаторларга таъсири орқали яхшилайди.
Олимлар келажакда ялпизнинг ақлий фаолиятга таъсирини мукаммал ўрганиш учун узоқ кузатувли ва катта ҳажмдаги тажрибалар ўтказишни режалаштиришмоқда.