08:52 (30.01.2025)
377
Ўзбекистонга бир қатор дори-дармонларни олиб кириш учун 2 фоиз миқдорида божхона божи жорий этилмоқда. Улар орасида антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи, яллиғланиш ҳамда вирусга қарши, гормонал ва бошқа препаратлар бор.
Ўзбекистонда айрим турдаги дори-дармонларни импорт қилишда божхона божлари жорий этилмоқда. Бу президентнинг 28 январдаги фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.
Ҳужжат билан 2018-йил 29-июндаги (ПҚ-3818) қарорига ўзгартиришлар киритилиб, импорт қилинадиган товарлар учун божхона тўловлари белгиланди.
Хусусан, 3004 (товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича коди) позициядаги товарлар учун бож ставкаси 0 фоиз даражасида бўлган бўлса, энди унга 2 фоиз миқдорида бож жорий этилади.
Ушбу тоифага терапевтик ёки профилактик мақсадларда фойдаланиш учун аралаш ёки аралашмаган маҳсулотлардан ташкил топган, дозаланган дори шакли шаклида қадоқланган (шу жумладан трансдермал тизимлар шаклидаги дори воситалари) ёки чакана савдо учун шакл ёки қадоқланган дори воситалари (3002, 3005 ёки 3006 товар позициялари товарларидан ташқари) киради. Жами 1500 га яқин халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари божга тортилади.
Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига (HS Code) кўра, 3004 кодига кирувчи препаратларга қуйидагилар мисол бўлади:
- тайёр шаклдаги антибиотиклар (амоксициллин, азитромицин, цефтриаксон);
- оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши дорилар (ибупрофен, парацетамол, диклофенак);
- вирусга қарши препаратлар (осельтамивир, ремдесивир);
- гормонал дори воситалари (инсулин, преднизолон, тироксин);
- кардиологик препаратлар (атенолол, каптоприл, амлодипин);
- қандли диабетга қарши дорилар (метформин, глибенкламид);
- антигистамин препаратлар (сетиризин, лоратадин);
- ўсмага қарши воситалар (паклитаксел, тамоксифен);
- дори воситаси мақомига эга витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар.
3004 кодига кирмайдиган препаратлар:
- Зардоб, вакциналар ва қон препаратлари (3002);
- Дори пластирлари ва боғлов материаллари (3005);
- Контраст моддалар ва диагностик реактивлар (3006).
3004 коди якуний истеъмолчига мўлжалланган дори воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишда қўлланилади (3003 коди остида юритиладиган фарматцевтик субстанциялардан фарқли ўлароқ).
Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Газета.uz» сўровига асосан импорт қилинадиган бир қатор дори воситаларига бож жорий этилишига изоҳ берди ва буни «ички бозорни ҳимоя қилиш» билан изоҳлади.
Агентликнинг таъкидлашича, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда фармацевтика саноатида импорт қилинадиган дори-дармонларга божхона тўловлари қўлланилади (масалан, Россияда — 10 фоизгача, Туркияда — 30 фоизгача, Покистонда — 11 фоизгача).