09:00 (01.12.2023)

1435

1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда БМТ бош Ассамблеясининг 1988 йилидаги қарорига асосан, 1 декабрь Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Бу кунда ОИТС билан оғриганларни қўллаб-қувватлаш, хасталик аломатлари, ундан сақланиш бўйича огоҳликни ошириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш ишлари олиб борилади.

Маълумотларга кўра, юртимизда 48 мингдан ортиқ шахсга ОИВ касаллиги ташхиси қўйилган.

Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукуматимиз томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этди.

Давлат бюджети ҳамда ОИТС, безгак ва силга қарши кураш бўйича Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан қарийб 7 миллион АҚШ доллари миқдорида ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиниб, 40 минг нафардан ортиқ бемор вирусга қарши терапия билан қамраб олинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун «95-95-95» стратегияси олға сурилган.

“95-95-95” тамойилига кўра, ОИВ юқтирган беморларнинг 95 фоизи ўз статусини билиши, 95 фоизи махсус терапия билан қамраб олиниши, 95 фоизида вирус юкламасининг паст даражага тушишига 2025 йилгача эришиш ва 2030 йилда ОИТС касаллиги юқишига барҳам бериш мақсад қилиб олинган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech