13:26 (02.01.2024)
1130
15.11.2023 йил. Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–878-сон) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги ҳолларда ҳам бекор қилиниши белгиланди:
– лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (1 йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилганда;
– лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари 1 маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса.
Ушбу ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун 1 йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
22.11.2023 йил. “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ-879-сон) Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан бир ишлаб чиқарувчининг турли савдо номлари остидаги, таркиби бир хил дори моддаларидан иборат бўлган дори воситаларини рўйхатдан ўтказишга қонунчиликда белгиланган тартибда йўл қўйилади.
Дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларига кўра хорижий ишлаб чиқарувчиларга амал қилиш муддати беш йил бўлган тегишли рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга эса муддатсиз берилади.
23.11.2023 йил. “Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–371-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йилдан:
• аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувлари ўтказилади;
• ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турлари босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача оширилади.
2024 йил 1 апрелгача аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестри яратилиб, амалиётга татбиқ этилади.