15:55 (28.03.2025)
201
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг навбатдаги "Компаниянинг 2024 йилдаги фаолияти якунлари, 2025 йил режалари"га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Даставвал Дори-Дармон" АК Бошқарув раиси маслаҳатчиси Оқил Ходжиметов компаниянинг 2024 йилдаги фаолияти бўйича муҳим маълумотларни тақдим этди.
Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи“Dori-Darmon” акциядорлик компаниямиз тизимида 1480 дан ортиқ ижтимоий дорихона ва дорихона шахобчалари фаолият юритади. Ушбу дорихоналарнинг 1384 таси ёки 88 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган.
“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиларидан бири ҳисобланади. 2024 йил давомида:
- соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига – 160,8 млрд. сўмлик;
- бошқа даволаш профилактика муассасаларига – 69,2 млрд. сўмлик;
- хусусий секторга – 30,5 млрд. сўмлик;
- ҚВП ва ҚОПларга – 77,6 млрд. сўмлик;
- ҳарбий даволаш муассасаларига – 2,9 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 204-сон қарори билан Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган 14 тоифадаги шахслар рўйхати белгиланган. 2024 йил давомида мазкур рўйхатдаги шахсларга компаниямиз ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли дорихоналар орқали 408 716 та рецепт асосида орқали 31 млрд. 755 млн. сўмдан ортиқ дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.
Бундан ташқари, 2024 йил давомида компаниянинг реимбурсация дастурига уланган дорихоналари орқали жами 4,6 млрд. сўмлик дори воситалари беморларга электрон рецепт орқали бепул берилди. Реимбурсация дастури доирасида гипертония ва юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги билан диспансер назоратида турган беморлар оилавий шифокорларига мурожаат этиб, электрон рецепт асосида дорихоналардан 27 турдаги дори воситаларини бепул олишлари мумкин.
Бугунги кунда компанияга қарашли 89 та, шундан Сирдарё вилоятидаги 44 та ва Тошкент шаҳридаги 45 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация дастури бўйича иш олиб бормоқда. Компания тизимидаги жамиятларга қарашли дорихоналарда ҳам реимбурсация дастурини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 январдаги “Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони кўра, фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар 2025 йил 1 январга қадар ҳамда бошқа дорихоналар 2026 йил 1 январга қадар Зарур дорихона амалиёти (GPP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар компания ва тизимдаги жамиятларга қарашли 800 дан ортиқ дорихоналар GPP сетификати асосида фаолият кўрсатмоқда.
2024- йилнинг август ойида "Дори-Дармон" АК ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда янги ижтимоий лойиҳани йўлга қўйди. Лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига мурожаатлар асосида пешоб қабул қилгич, (мочеприемник) етказиб берилмоқда. Лойиҳа йўлга қўйилгандан бошлаб йил якунига қадар 600 дан ортиқ мочеприемник етказиб берилди.
Ҳисобот йилида компаниянинг умумий товар айланмаси 659,8 млрд сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси 435,8 млрд.сўмни, чакана товар айланмаси 223,9 млрд. сўмни ташкил этди.
“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг асосий кучи- бу кучли билим ва тажрибага эга бўлган ходимлари саналади. Ҳар йили замон талабидан келиб чиққан ҳолда ходимларнинг малака оширишига жиддий эътибор қаратилади. 2024 йилда компания ва унинг тизимидаги жамиятларда 200 га яқин ходимлар, дорихоначилар GPP, GDP ва бошқа йўналишларда ўқув курсларида иштирок этди. Жамиятларда ҳам ходимлар, фармацевт ва провизорлар мунтазам малака ошириб бормоқда.
Шу ўринда мурожаатларга тўхталиб ўтсак. «Dori-Darmon» акциядорлик компанияси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига қатъий риоя этилган ҳолда кўриб чиқилади. Компанияга 2024 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 7664 та мурожаат келиб тушди, шулардан 290 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан, 102 таси компаниянинг веб сайтига, 33 таси компаниянинг ботига келиб тушган, 16 таси ёзма шаклда йўлланган. Шунингдек, компания тизимида фаолият юритаётган (78) 120-16-61 ишонч телефони орқали 7223 нафар фуқаро мурожаат қилган. Мурожаатларнинг асосий қисми дори воситаларини топишда, олишда кўмаклашиш, бўш иш ўринлари бўйича бўлган ва барчаси тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилган ҳолда, асосли жавоб қайтарилди.
Матбуот анжумани давоми журналистлар ва аҳоли томонидан бот орқали келган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб бериб ўтди. Якунда журналистларга интервьюлар берилди.