14:01 (31.03.2026)
20
Миллий матбуот марказида “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари, 2026 йил режалари” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда компания раҳбар ва бўлим бошлиқлари, меҳмонлар ҳамда журналистлар, блогерлар иштирок этишди. Матбуот анжуманида "Дори-Дармон" АК Бошқарув раиси в.в.б. Абдуғани Камилов компаниянинг 2025 йилдаги фаолияти бўйича муҳим маълумотларни тақдим этди:
2026 йил 1 март ҳолатига Ўзбекистон фармацевтика бозорида 455 та дори воситаларини улгуржи реализацияси билан шуғулланиш ҳуқуқига эга ташкилотлар мавжуд, шулардан бири бизнинг “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ҳисобланади. Компания олдига қўйилган вазифаларни масъулият билан бажариб келмоқда. Хусусан: Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи компаниямиз тизимида 1300 дан ортиқ ижтимоий дорихона ва дорихона шахобчалари фаолият юритади. Ушбу дорихоналарнинг 1143 таси ёки 87,6 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Бугунги кунда Республика бўйича Компания тизимида фаолият юритаётган барча дорихоналаримиз Зарур дорихона амалиёти-GPP талабларига жавоб беради.
“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиларидан бири ҳисобланади. 2025 йил давомида:
- соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига –128,1 млрд. сўм;
- бошқа даволаш профилактика муассасаларига – 47,8 млрд. сўм;
- хусусий секторга – 20,5 млрд. сўм;
- ҳарбий даволаш муассасаларига – 1,0 млрд. сўм;
- ички тизим бўйича –107,3 млрд. сўм;
- ҚВП ва ҚОПларга –94.4 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги “Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 204-сон Қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 14 тоифаси рўйхати тасдиқланган.
Рўйхатга онкологик, сил, мохов, эндокринологик, руҳий касалликларга чалинганлар, ОИВ касаллигини юқтирганлар, юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар, дастурли гемодиализ олувчи беморлар, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, иккинчи жаҳон уруши оқибатида ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, уруш меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлиги бўлган шахслар, байналмилалчи жангчилар ҳамда ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар киритилган.
Бу тоифага кирувчи беморларга Компания ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли дорихоналари орқали 2025 йилда 396 121 та рецепт асосида 37 млрд. 202 млн.сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.
А. Камилов 2021 йилдан Республикамиз бўйлаб жорий этиш бошланган Реимбурсация дастури доирасида олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди:
Хусусан, бугунги кунда “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли 474 та дорихона ва дорихона шохобчаларида реимбурсация дастури мавжуд. Хусусан:
➖ “Қорақалпоқ Дари-Дармақ”нинг 37 та,
➖ “Бухоро Дори-Дармон”нинг 104 та,
➖“Хоразм Дори-Дармон”нинг 63 та,
➖ “Самарқанд Дори-Дармон”нинг 71 та,
➖ “Навоий Дори-Дармон”нинг 35 та,
➖ “Қашқадарё Дори-Дармон” нинг 52 та,
➖ “Андижон Дори-Дармон”нинг 9 та,
➖ “Сурхон Дори-Дармон”нинг 12 та,
➖ Сирдарё минтақавий бўлинмамизнинг 47 та,
➖ Тошкент шаҳридаги 44 та дорихонамиздан электрон рецепт асосида дори воситалари олиш мумкин.
Шу кунларда Фарғона, Наманган, Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳам ҳудудий жамиятларимизга қарашли дорихоналарда Тиббий суғурта жамғармалари билан шартномалар тузиб, реимбурсация дастурини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Хабарингиз бор, реимбурсация дастурига гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги киритилган бўлиб, беморлар оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали 28 турдаги дори-дармонларни олишлари мумкин.
2025 йил давомида компания ва ҳудудлардаги жамиятларимизнинг реимбурсация дастурига уланган дорихоналари орқали 35 млрд. 950 млн. сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.
2025 йилда Республика аҳолисини сифатли, арзон ва барқарор дори-дармон воситалари билан таъминлаш мақсадида компаниямиз томонидан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари тасарруфидаги поликлиника типидаги тиббиёт муассасаларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Ижтимоий дорихона”ларни ташкил этиш бўйича битим имзолашга эришилди.
Бу нафақат компаниямиз учун балки аҳоли учун ҳам яхши хабар деб айта оламиз, чунки қишлоқ жойларда аҳолининг дорихоналарга эҳтиёжи мавжуд. Таъкидлаш керакки, ушбу муҳим ташаббус янги иш ўринлари яратилишига, аҳолининг, жумладан узоқ ҳудудларда дори воситаларига бўлган эҳтиёжни ўз вақтида қондириш ҳамда фармацевтика хизматларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Ижтимоий дорихона”ларни ташкил этиш бўйича битим Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4290-сон “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 октябрдаги 720-сон “Давлат-хусусий шериклик соҳасини янада такомиллаштириш ҳамда комплекс тизимлаштириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан тайёрланган.
Жорий йилнинг 24 март ҳолатига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида
➖ Қорақалпоғистон Республикасида 2 та,
➖ Наманган вилоятида 15 та,
➖ Хоразм вилоятида ҳам 15 та,
➖ Навоий вилоятида 4 та,
➖ Сурхондарё вилоятида 3 та,
➖ Тошкент вилоятида 4 та,
➖ Бухоро вилоятида 2 та,
➖ Қашқадарё вилоятида 1 та,
➖ Тошкент шаҳрида 4 та,
жами 50 та янги дорихона ва дорихона шохобчалари очилди.
"Dori-Darmon"АК ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ижтимоий лойиҳа йўлга қўйилган, бу ҳақда аввалги матбуот анжуманларимизда ҳам айтиб ўтганмиз. Лойиҳа доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига мурожаатлар асосида пешоб қабул қилгич, (мочеприемник) етказиб берилмоқда. Ҳисобот даврида 950 та, жорий йилнинг ўтган даври мобийнида 460 та мочеприемник тиббиёт буюми етказиб берилди.
Компаниянинг ҳисобот йилида умумий товар айланмаси 557,4 млрд сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси 307,9 млрд.сўмни, чакана товар айланмаси 249,5 млрд. сўмни ташкил этди.
“Dori-Darmon” акциядорлик компаниясига 2025 йил давомида аҳоли томонидан жами 7462 та мурожаат келиб тушган. Шундан 575 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали, 6563 таси (78) 120-16-61 ишонч телефонлари орқали, 258 та бот орқали ва 66 та ёзма шаклда йўлланган.
Асосий қисмида дори воситаларини топиш ва харид қилишда кўмаклашиш, дори воситаларини хайрия асосида тақдим этиш, шунингдек, узоқ ҳудудларда дорихоналар очиш масалалари кўтарилган. Шу билан бирга, бўш иш ўринлари бўйича мурожаатлар ҳам мавжуд.
Мурожаатларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларига қатъий риоя этилган ҳолда тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди ҳамда зарур ҳолларда асосли жавоб қайтарилди.
"Дори-Дармон" АК Бошқарув раиси в.в.б. Абдуғани Камилов компаниянинг 2026 йилдаги режалари ҳақида маълумот бериб ўтмоқда:
➖ аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш даражасини янада ошириш;
➖аҳолининг айрим тоифаларини имтиёзли асосда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва реимбурсация дастури доирасида дори воситалари билан мунтазам таъминлаш;
➖Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида дорихоналар очиш;
➖Компания тизимидаги барча дорихона ва дорихона шохобчаларини Реимбурсация дастурига улаш ва шу асосда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш;
➖ “Электрон рецепт” тизими асосида рецепт билан бериладиган дори воситаларини аҳолига босқичма-босқич фақат шифокор рецепти орқали тақдим этишга қаратилган ислоҳотлар ва амалиётни қўллаб-қувватлаган ҳолда, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга ўз ҳиссамизни қўшиш;
➖ маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш;
➖ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг муҳим ва зарур дори воситаларини билан таъминлаш.
Асосий маълумотлар тақдим этилгач, журналистлар ўзларини қииқтирган саволлар билан мурожаат қилишди, хусусан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаларини олиб кириш, аҳолини таъминлашда узлуксизликни таъминлаш, давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий дорихоналарни ташкил этишнинг аҳамияти каби масалалар кўтарилди.