14:38 (19.04.2024)
1270
Темир организмнинг нормал ишлаши учун зарур бўлган энг муҳим микроэлементлардан биридир. Темир танқислиги анемияси ривожланишининг олдини олиш учун темир моддасига бой қуйидаги субмаҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Жигар
Жигар темир моддаси ва B12 витаминига бой субмаҳсулот бўлиб, анемиянинг олдини олиш ва даволашда кенг қўлланилади.
Мол гўшти жигари фойдали ёғ кислоталари, жумладан, омега-3 ва омега-6 манбайи ҳисобланади. Улар қонда холестерин даражасини нормаллаштиришга, юрак ва қон-томир тизимини мустаҳкамлашга, атеросклероз ва миокард инфаркти ривожланишининг олдини олишга ёрдам беради. Шунингдек, жигар цинк, мис, селен каби қимматли микроэлементларнинг манбайидир.
Жигардан тайёрланган таомнинг таъми тахир бўлмаслиги учун уни пиширишдан аввал сув ёки сутга ивитиб қўйиш ва устки қатламини тўлиқ олиб ташлаш лозим.
Тил
Мол ва бузоқ тили фойдали озуқавий қийматга бой ва парҳезбоп субмаҳсулот саналади. Унинг таркибида оқсил кўп, ёғлар эса камдир. Мол тилида темир моддаси ва B гуруҳи витаминлари бор.
Тилни пиширишдан аввал унинг устки қатламини яхшилаб тозалаш ва 1 соатга сувга ивитиб қўйиш лозим. Тил камида 2 соат давомида қайнатилади ҳамда турли гарнирлар ёки салатлар билан истеъмол қилинади.
Мол юраги
Мол юрагида унинг гўштига нисбатан 6 баробар кўп миқдорда B витамини ва 1,5 баробар кўп темир моддаси мавжуд. Мазкур субмаҳсулотни пиширишдан аввал 2-3 соат совуқ сувда ивитиш, сўнг камида 1,5 соат давомида қайнатиш лозим. Ҳар 30 дақиқада сувни алмаштириб туришни унутманг.
Товуқ юраги
Товуқ юраги ҳам витаминларга бой: унда А, PP ва B гуруҳи витаминлари, фосфор, калий, магний, темир, цинк, мис бор. Бошқа субмаҳсулотларга қараганда товуқ юраги мазалироқ таъмга эга.
Пиширишдан аввал уни яхшилаб ювиш, юрак ичидан қон қуйқаларини олиб ташлаш ва устки қисмидаги ёғни кесиб олиш зарур.
Мол буйраги
Цинк, B гуруҳи витаминлари, магний, фосфор кабилар мол буйрагида бисёр. Уни ҳам 2-3 соат совуқ сувда қолдириш, 2 маротаба қайнатиш ва сувини тўкиб ташлаб яна 1 соат давомида пишириш лозим. Мол буйрагининг ўткир ҳиди бўлганлиги туфайли уни бошқа субмаҳсулотлар билан қўшиш тавсия этилмайди.