11:42 (29.03.2024)
1116
Озиқ-овқат аллергияси маҳсулотлар таркибидаги оқсил ва оқисилсимон моддалар таъсирида вужудга келади. Масалан, болаларда касаллик кўпинча онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабабли ривожланади. Чақалоқ сунъий аралашмалар билан озиқлантирилса, чала туғилса ёки ошқозон-ичак, ўт, жигар касалликларидан азият чекса ҳам, озиқ-овқат аллергияси юзага келиши мумкин.
Қолаверса, болалар севиб истеъмол қиладиган сигир сути — кучли аллергия қўзғатувчи маҳсулот. Таркибида f2, Bos d 4, Bos d 5, Bos d 6, Bos d 8, Bos d 9, Bos d 10, Bos d 11, Bos d 12 аллергенлари мавжуд. Уларга 5-6 ёшгача бўлган ўғил-қизларда аллергия кузатилади.
Товуқ тухуми ҳам кенг тарқалган аллергенлар жумласидан. У овальбумин, овомуеоид, овотрансферрин ва овомуцин оқсиллар гуруҳларини ўз ичига олади. Бу моддалар молекуляр даражада ўрганилганда, Gal d1, Gal d2, овомукоид, Gal d3, Gal d4 аллергенлари реакцияларни юзага келтириши маълум бўлди.
Балиқ — кучли антиген. Унинг гўштида парваальбумин ва тропомиозин оқсил гуруҳлари мавжуд. Молекуляр даражадаги ўрганишлар унинг таркибида Cyp c1, Gad c 1, Gad m 1 аллергенлари борлигини тасдиқлади.
Буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Масалан, соя таркибини молекуляр даражада ўрганиш натижасида унинг таркибида Gly m 1, Gly m 5, Gly m 6 аллергенлари мавжудлиги аниқланди.
Гўшт маҳсулотлари орасида эса парранда гўшти бошқаларига нисбатан кўпроқ антиген хусусиятга эга.
Цитрус мевалар, қулупнай ва ертут ҳам кўпроқ аллергия қўзғайди. Ёнғоққа аллергияси бўлганларнинг аксарияти эса ушбу мева дарахти чангига ҳам таъсирчан бўлади.
Катталарда аллергия ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. Бу маҳсулот кўп ҳолларда анафилактик реакцияни келтириб чиқаради. Ундан сўнг турли хил ёнғоқлар, кунжут, асал, шафтоли, узум, малина, сабзи, шоколад, кофе ва какао аллергия чиқарувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган.
Аллергиянинг асл сабаби иммунитетнинг генетик даражада бузилиши ҳисобланиб, у насл суради ёки фавқулодда пайдо бўлади.
Илмира Разикова, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори.