13:56 (01.12.2023)
953
Маълумки, қандли диабет хасталиги инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилигидан келиб чиқади. Натижада, қонда гипергликемия – қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади. Касаллик сурункали давом этиши ва организмдаги моддалар алмашинув жараёнларининг (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви) бузилиши билан намоён бўлади.
Андижондаги 2018 йил 27 апрелда очилган “Zamin Bio health” МЧЖ инсулин маҳсулоти ишлаб чиқариш корхонасининг қуввати йилига 10 миллион инсулин флакони ишлаб чиқариш имконини берар эди. Бу йил эса 1,2 миллион ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, келгуси йилларда 2 баробарга ошириш мақсад қилинган. Бу маҳсулот нафақат Ўзбекистон бўйлаб, балки Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига ҳам етказиб бериш белгиланган.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов “Zamin Bio health” МЧЖ томонидан инсулин маҳсулоти ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона фаолиятини кўздан кечириш жараёнида маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришнинг истиқболдаги самаралари, экспорт қилиш ва молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, бугунги кунда республикада тахминан 277 минг инсон қандли диабет билан касалланган. Уларни 90% га яқини инсулин дори воситасини қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Санкт Петербургда ўтказилган "XXV халқаро иқтисодиёт форуми” доирасида Россиянинг “ГЕРОФАРМ” ва Ўзбекистоннинг “ZUMA PHARMA” компаниялари ўртасида мамлакатимизда аналог ва инсон инсулинини ишлаб чиқариш технологиясини жорий қилиш тўғрисидаги янги Битим имзоланган эди.