12:40 (22.04.2024)

700

Ҳар йили қайси шифокор кўригидан ўтиш ва қандай таҳлиллар топшириш керак?

Кўпгина касалликларнинг бошланиши аломатларсиз кечиши, оғриқ муаммо жиддийлашгандагина пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли ўз вақтида ўтказилган тиббий текширув ва таҳлиллар хасталикларни ҳали белгилари намоён бўлмасдан аввал аниқлашга ёрдам беради.

Ҳар бир инсон ҳеч бўлмаганда йилда бир марта ўтиши керак бўлган 10 та текширув ва таҳлилларни келтириб ўтмоқчимиз.

Оилавий шифокор текшируви
Одатий қабул давомида бўй, вазн, артериал қон босими ўлчанади, қандай шикоятлар борлиги сўралади. Ушбу дастлабки текширув шифокорга фуқаро учун мутахассислар ва таҳлилларнинг индивидуал рўйхатини яратиш имконини беради. Яъни, шахснинг ҳолатига қараб, кейинги таҳлиллар учун керакли мутахассисларга юборади.

Умумий қон таҳлили
Бу таҳлил, биринчи навбатда, организмда яллиғланиш жараёнлари мавжудлигини текширишга ёрдам беради. Унинг натижаларига кўра, қон касалликлари ёки камқонлик, ички қон кетиш, юрак-қон томир, аутоиммун, саратон ва бошқа хасталиклар бор-йўқлигига ишораларни кўриш мумкин бўлади. Агар муаммо аниқланса, шифокор қўшимча таҳлилларни буюради.

Қондаги қанд миқдорини аниқлаш
Йилда бир марта ҳамма учун бундай текширувдан ўтиш тавсия этилади. Аммо 45 ёшдан ошган ва ортиқча вазнга эга бўлганлар учун бу, айниқса, муҳимдир. Агар қанд миқдори юқори ёки паст бўлса, шифокор беморни эндокринолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари кўригига юборади.

Қон биокимёвий таҳлили
Унинг натижаларига кўра, ички органлар — юрак, жигар, буйраклар, ошқозон ости бези ва бошқаларнинг нормал ишлаши аниқланади. “Биокимё” умумий қон таҳлилига қараганда кўпроқ маълумот бера олади. Унинг ёрдамида айнан қайси органда муаммо борлигини аниқлаш мумкин. Зарур ҳолларда қўшимча текширувлар, жумладан, ПЗР тестлари ва ультратовуш текшируви буюрилади.

Умумий пешоб таҳлили
Баъзи касалликларни пешоб ранги, унинг шаффофлиги ва чўкинди мавжудлигидан билиш мумкин. Бундай текширув туфайли сийдик йўли тизими (шу жумладан буйраклар) ва бошқа касалликлар билан боғлиқ муаммоларни кўрсатадиган яллиғланиш жараёнлари аниқланади. Умумий пешоб таҳлили натижалари касалликларни аниқлашга ёрдам беради, бироқ у билан тўлиқ ташхис қўйиб бўлмайди.

Электрокардиограмма
Кардиограмма лентасидан 500 га яқин юрак касалликларини аниқлаш мумкин. Бундан ташқари, кардиограммадан нафақат бошдан кечирилган юрак хасталиклари, балки келажакда таҳдид солиши мумкин бўлган муаммоларни ҳам баҳолаш учун фойдаланиш мумкин. Масалан, юрак хуружи хавфи ҳақида ҳам билса бўлади.

Флюорография
Афсуски, сил касаллигининг дастлабки босқичларида ҳеч қандай аломат бўлмаслиги мумкин. Аммо бу хавфли касаллик эрта аниқланса, унинг ривожланишини тўхтатиш мумкин. Замонавий аппаратлар юқори сифатли тасвирларни тақдим этади, шунинг учун касаллик ҳақида ўз вақтида билиш ҳозир анча қулай.

Гастроскопия
Бу ёқимсиз текширув ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касалликлари — гастрит, ошқозон яраси ёки ўсма кабиларни кўриш имконини беради. 45 ёшдан ошганлар ва хавф остида бўлганлар (чекувчилар, спиртли ичимликлар, фастфуд ва қаҳвани севувчилар) бу текширувдан ҳар йили ўтганлари маъқул.

Офтальмолог кўриги
Яқин ва узоқни кўра олмаслик ҳамда астигматизм каби ҳолатларда, ҳатто, кўриш қобилияти ёмонлашмагандек туюлса ҳам, ҳар йили ушбу мутахассис текширувидан ўтиб туриш мақсадга мувофиқ. Ҳатто кўзлари яхши кўрадиганлар ҳам йилда бир марта офтальмолог кўригига борганлари маъқул. Бунда шифокор нафақат кўриш қобилиятини текширади, балки кўз туби ҳолати ва кўз ички босимини ҳам ўлчайди. Ушбу манипуляциялар сўқирликка олиб келувчи глаукома ва катаракта хавфини ўз вақтида аниқлашга имкон беради.

 “Эркаклар” ва “аёллар” шифокорлари кўриги
Кўпчилик бундай текширувларни зарур эмас деб ҳисоблайди. Аммо аёллар учун гинеколог ва маммолог, эркаклар учун уролог ва проктолог кўригидан ўтиб туриш саратон ва бошқа кўплаб касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва муваффақиятли даволаш имконини беради. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech