09:02 (06.10.2023)

2069

"Бензонал" дори воситасининг тақчиллиги бўйича расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда "Бензонал" дори воситасининг тақчиллиги бўйича турли хабарлар тарқалмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қуйидагиларни маълум қилади.

“Бензонал” (халқаро патентланмаган номи – бензобарбитал) препарати врач рецепти асосида бериладиган дори воситаси ҳисобланади. У келиб чиқиши турли бўлган, шу жумладан фокал ва Джексон хуружлари ҳолларида, шунингдек, тутқаноқнинг талвасали шаклларини даволашда қўлланади.

Юртимизда таркибида бензобарбитал моддасини сақловчи 6 номдаги (3 та хорижий ва 3 та маҳаллий) дори воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, улардан тиббиёт амалиётида фойдаланишга рухсат берилган.

Жумладан, Россиянинг «Усолье-Сибирский химфармзавод» АЖ, «Татхимфармпрепараты» АЖ ҳамда Aрманистоннинг “Aрпимед” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Бензонал” савдо номидаги, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз «Neogalenpharm», «Remedy Group» ва «Merrymed Farm» компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган “Бензонал-NGP”, “Бензонал-RG”, “Меr Бензонал” савдо номидаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази “Бензонал” дори воситасини эркин муомалага чиқарилишида ҳеч қандай тўсиқ ва чекловлар йўқлигини маълум қилиб, мазкур препаратни давлат рўйхатидан ўтказиш ва сертификатлаштиришда маҳаллий ва чет эл ишлаб чиқарувчиларига ўз ваколати доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради.

Aйни кунларда аҳолининг ушбу дори воситасига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech