09:58 (07.04.2025)

57

Бугун — Бутунжаҳон саломатлик куни

“Ҳаётни соғлом тарзда бошлаш — фаровон келажак гарови”. 7 апрель — Бутунжаҳон саломатлик кунининг жорий йилдаги шиори шундай.

Яъни мазкур тарғибот кампанияси орқали Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматлар ва халқаро ҳамжамиятни оналар ва болалар саломатлиги, хусусан, оналар ва чақалоқлар ўлимига барҳам бериш, аёллар соғлигини асраш масалалаларига алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилган.

Аввало, 7 апрель санасининг “Бутунжаҳон саломатлик куни” деб белгиланиши тарихига қисқача тўхталайлик. Гап шундаки, бундан роппа роса 77 йил аввал, 1948 йилнинг 7 апрелида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га асос солинган. Ўшандан буён ҳар йили мазкур сана Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам!

Мамлакатимиз 1992 йил 25 майдан ушбу ташкилотга аъзо. 1993 йилда очилган ЖССТнинг юртимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда саломатлик билан боғлиқ масалаларнинг халқаро даражадаги ечимига муносиб ҳисса қўшиб келяпмиз.

Айниқса, пандемия даврида Ер юзи аҳолиси соғлиги учун ҳамжиҳатлик нақадар муҳимлигини барча чуқур англаб етди. Шу нуқтада яна Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўмак ва тавсияларига суяндик.

Ер юзида турли эпидемия ва пандемиялар хавфи чекингани йўқ. Носоғлом турмуш тарзи, иқлим инқирози билан боғлиқ глобал муаммолардан самарали ҳимояланиш лозим.

Қолаверса, атмосферанинг ифлосланиши, глобал исиш, сув танқислиги, кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш, семизлик каби қатор омиллар хавфли касалликлар кўпайиши ва эрта ўлим кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.

ЖССТ келгусида ҳам ташкилотга аъзо мамлакатлар билан ҳамжиҳатликда бу глобал масалаларга ечим топишда давом этади.

Ушбу санани нишонлашдан кўзланган асосий мақсад — аҳолига саломатлик улуғ неъмат эканлигини англатиш. Шу боис бу кун глобал муаммоларга бағишланган турли шиорлар остида нишонланади.

Ўтган йиллар давомида унинг мавзуси руҳий, юқумли касалликларга қарши кураш, фаол турмуш тарзи ва узоқ умр кўришни тарғиб қилиш, иқлим ўзгаришининг одамлар саломатлигига таъсири муаммоси, оналар хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилиш бўлганди. 2024 йилги шиор эса “Менинг соғлигим — менинг ҳуқуқим” деб белгиланган.

ЖССТнинг яқинда эълон қилинган янги ҳисоботига кўра, ҳар йили дунё бўйича қарийб 300 минг нафар аёл ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ омиллар ҳамда касалликлар туфайли вафот этмоқда.

Қолаверса, 2 миллион нафардан ортиқ чақалоқ ҳаётининг биринчи ойида ҳаётдан кўз юммоқда. Яна 2 миллионга яқин ҳомиланинг ўлик туғилиши ҳолатлари қайд этиляпти. Бир сўз билан айтганда, сайёрамиз бўйича ўртача ҳар 7 сонияда битта олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолати содир бўлади.

Ваҳоланки, бу борада ЖССТ томонидан глобал мақсадлар, алоҳида Ҳаракатлар режалари тасдиқланган. Шунга қарамай, дунё мамлакатларининг бешдан тўрт қисми 2030 йилга бориб оналар ўлимининг олдини олиш юзасидан белгиланган кўрсаткичларга эриша олмаяпти. Ҳар уч давлатдан бири янги туғилган чақалоқлар ўлимини камайтириш бўйича тасдиқланган глобал мақсадни рўёбга чиқара олгани йўқ.

Шундан келиб чиқиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хотин-қизларни туғуруқдан олдин, туғуруқ чоғида ва ундан кейинги даврда тиббий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш муҳимлигига урғу бермоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech