12:51 (24.03.2025)
284
25 феврал куни Россия Давлат Думаси депутатлари шифокорлар ва фармацевтлар учун масофавий таълимни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ўзгартиришлар 2026-йил 1-мартдан кучга киради.
Истиснолар ҳам тақдим этилади, аммо улар федерал таълим стандартлари билан белгиланади. Жорий йилнинг 1-сентабрига қадар ҳукумат онлайн таълимдан фойдаланиш мумкин бўлган таълим фаолияти турлари ва фанлар кўламини белгилаши керак. Шу билан бирга, қўшимча тиббий таълим дастур турлари бўйича лицензияланади.
"Справочник врача" (Шифокор қўлланмаси) иловасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳозирги кунга қадар янги профессионал маълумотларни офлайн режимда олган шифокорлар озчиликни ташкил этади, атиги 5%. Шу билан бирга, онлайн таълимни афзал кўрганлар 62% ни ташкил қилади. Уларнинг 59 фоизи олган билимларидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилган, 23 фоизи эса таълим сифатига эътибор бермайди, фақат балл ва сертификат олишга қизиқади.
Шу билан бирга, сўровда қатнашган шифокорларнинг 40 фоизи онлайн таълимни чеклашни қўллаб-қувватлайди. Улардан 42 фоизи мамлакатимизда онлайн таълим яхши билим ва амалий кўникмаларни таъминламайди, деб ҳисоблайди. 28% Россия шифохоналарининг техник жиҳозлари иш жойида ўқитишга имкон бермаслигини ва улар бўш вақтларини беҳуда сарфлашни хоҳламасликларини таъкидлаган.
Масофавий таълим ғояси шифокор ва фармацевтларнинг доимий малака ошириши кераклиги сабабли пайдо бўлган. Тиббиёт муассасаларида кўпинча шифокорларни ишдан бўшатиб, малака оширишга юбориш имконияти бўлмайди. Онлайн таълим ушбу муаммони ҳал қилди.
Онлайн таълим тарафдорларининг 38 фоизи, гарчи унинг бекор қилинишига қарши бўлса ҳам, онлайн таълим янада яхшиланиши керак, деб ҳисоблайди. Офлайн ва онлайн тренинг давомида олинган маълумотлар бир хил бўлишига қарамай, 30% йўлда вақтни беҳуда сарфлашдан маъно кўрмайди. Сўровда қатнашган шифокорларнинг 15 фоизи масофавий ўқитиш бекор қилинса ва сертификатни онлайн янгилаш имконияти йўқотилса, тиббиётни бутунлай тарк этишга тайёр.
Кўпчилик шифокорлар масофавий таълимнинг қисман бекор қилинишидан яхши натижа кутишмайди. Респондентларнинг 53 фоизи бекор қилиш қўшимча иш юки туфайли чарчашни тезлаштиради, деб ҳисоблайди. 28% эса ҳамкасбларининг ўқишга кетиши туфайли шифокорлар учун беморлар оқими ва қоғозбозлик юки ошади деб ҳисоблайди, бу эса беморларнинг шикоятлари сонининг кўпайишига олиб келади.
Методология: Сўров 2025-йил 27-февралдан 5-мартгача ўтказилди. Жами 2021 нафар шифокор иштирок этди.