15:00 (08.01.2025)
175
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 7 январь куни бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистонда электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров электрон сигаретанинг зарари ҳақида маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, электрон сигареталарда никотиндан ташқари 80 га яқин канцероген, заҳарли кимёвий бирикмалар ва оғир металлар мавжуд бўлиб, улар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Хусусан, никотинга қарамлик кучайиб, болалар ва ўсмирларда мия шаклланиши бузилишига, интеллектнинг пасайишига, қобилият ва кўникмаларнинг ёмонлашишига, тажовузкорликнинг ривожланишига, астма, бронхит, пневмония, марказий асаб тизими, буйрак ва жигар фаолиятининг бузилишига, инсульт, инфаркт ва бошқа касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Соғлиқни сақлаш вазири ДНК тузилмасининг шикастланиши, аёлларда репродуктив қобилиятнинг пасайиши, шунингдек, ҳомиладорликда туғма касалликлар ва болалар ўлими билан боғлиқ мутаген таъсирга эътибор қаратди.
«Асосий савол туғилади: ахир одамлар оддий сигареталарни ҳам чекишади, бу кенг тарқалган усул. Статистика билан ўртоқлашаман. Нима учун биз таркибида никотин ва сунъий хушбўй моддалар бўлган электрон сигареталарни тақиқлаш ташаббуси билан чиқяпмиз? Кузатишларга қараганда, оддий сигареталарни катта ёшдаги одамлар чекади. Ўзбекистон бозорига жозибадор таъсирга эга хушбўй сигаретa ишлаб чиқарувчилар кириб келганидан сўнг ёшлар, айниқса, ўқувчилар ва афсуски, қизлар ўртасида таҳдид пайдо бўлди ва уларни истеъмол қилиш кескин ошди», — деди Асилбек Худаяров.
2023 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатларни электрон сигареталар тарқалишини назорат қилиш учун «тезкор чоралар» кўришга, шу жумладан хушбўй вейпларни тақиқлашга чақирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 37 мамлакатда, жумладан Аргентина, Бразилия, Шимолий Корея, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Норвегия, Сингапур, Туркия, Туркманистонда электрон сигареталар муомаласи тақиқланган. Қозоғистонда ҳам электрон сигареталар муомаласини тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Буюк Британия 1 июндан бошлаб бир марталик вейпларни сотишни тақиқлайди.
Асилбек Худаяров бу соҳада зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, маҳсулотни истеъмол қиладиган ёшлар катта бўлгандан кейин оддий сигареталардан уч баробар кўп чекишни бошлаши мумкинлигини айтди.
Ҳозирда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига асосан чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини, шу жумладан, таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни, таркибида маҳсулотнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган моддалар ёки никотинга қарамликни оширадиган қўшимчалар мавжуд бўлган никотинли ва никотинсиз суюқликларни, никотинли ва никотинсиз суюқликлари бўлган тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини, шунингдек электрон сигареталарни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (шу жумладан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб кириш) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.
Қонун лойиҳаси билан никотин етказиш қурилмалари (вейплар), шу жумладан, электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар муомаласини, хусусан, уларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.
Ҳужжат билан ушбу соҳадаги жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 186−1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) моддаларини тамакини иситиш тизими билан тўлдириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан, электрон сигареталарни ноқонуний муомалага киритганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузар ўз айбига ихтиёрий равишда иқрор бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органларини хабардор қилган тақдирда, уни жавобгарликдан озод қилиш таклиф қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири 6 январь куни партиялар фракциялари билан ўтказилган учрашувда лойиҳа фаол муҳокама қилингани ва қонунни иккинчи ўқишга қадар маромига етказиш учун асос бўладиган турли тузатишлар таклиф қилинганини таъкидлади.
Унинг таъкидлашича, гап икки турдаги электрон сигареталарни тақиқлаш ҳақида кетмоқда:
«Биз кичик тадқиқот ўтказдик. Ходимларимиз бир нечта [электрон сигареталар] намуналарини сотиб олишди, биз уларни таққосладик. Электрон сигарета истеъмолчиларининг аксарияти „ўзини ҳурмат қилади“ ва қимматроқ тамаки маҳсулотларини чекиш учун электрон тизимларни сотиб олиш имкониятига эга. Биринчи босқичда биз уларни тақиқламаймиз, чекламаймиз. Бу ерда гап таркибида маълум миқдорда никотин ёки шубҳали кимёвий моддалар бўлган хушбўйлаштирилган сигареталар, яъни ёшлар орасида кенг тарқалган сунъий электрон сигареталар ҳақида кетмоқда», — деди у.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таҳлилларига кўра, ўсмирлар ва ёшлар электрон сигареталарни катталарга нисбатан 3 баробар кўп истеъмол қилади. 18−29 ёшдаги аҳоли орасида тамаки иситиш тизимларидан фойдаланиш даражаси 30−69 ёшдагиларга нисбатан 2,5 баравар юқори.