11:50 (18.03.2025)

474

"Дори-Дармон" АКда “Kusum Uzbekistan” МЧЖ раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди

Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

"Дори-Дармон" акциядорлик компанияси тижорат директори Рамил Абдулов  компания  аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлашда етакчи ўринда туриши,  юртимизда босқичма-босқич жорий этилаётган Давлат тиббий суғурта тизими доирасида  аҳолини бепул дори воситалари билан таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган Реимбурсация дастуридаги иштироки,  кўплаб маҳаллий ва чет эллик етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликда ишлаб келаётганлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Ўз навбатида “Kusum Uzbekistan” МЧЖ директори Фируз Насриев  "Дори-Дармон" АК билан муқаддам ҳамкорликда ишлангани ва айрим сабабларга кўра узилган алоқани қайта тиклаш икки томонлама манфаатли бўлиши, Ҳиндистоннинг "Kusum Healthcare Pvt. Ltd." компаниясининг учта Ҳиндистонда ва битта Украинада замонавий заводлари борлиги, бешинчиси эса Ўзбекистонда - Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Tashkent Pharm Park” кластерининг саноат зонасида қад ростлаётгани ҳақида гапирди. Компания томонидан ишлаб чиқарилаётган 100 дан ортиқ брендлар гинекология, кардиология, эндокринология, неврология, гастроэнтерология ва бошқа кўплаб соҳаларда муваффақиятли қўлланилаётганлиги таъкидланди.

Учрашув давомида аҳоли ўртасида талаб кўп бўлган дори воситаларини мақбул шартларда етказиб бериш, узлуксизлигини таъминлаш ҳамда соҳага оид бошқа масалалар муҳокама қилинди, якунда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилишига келишиб олинди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech