09:06 (18.12.2025)
136
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент туманида фаолият юритувчи дорихоналардан бирига қарашли омборхона тегишли тартибда кўздан кечирилди.
Натижада унда 1209 турдаги жами 38 млрд сўмлик дори воситалари мавжудлиги, шундан, тахминий қиймати 20 млрд сўмга яқин бўлган дори воситалари халқаро GDP (сақлаш, олиб келиш ва реализация қилиш бўйича) сертификатига эга эмаслиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Сертификатлаш органидан лицензия олмаган ҳолда сақланаётганлиги маълум бўлди.
Таъкидлаш лозимки, омборхонадаги дори воситалари орасида умумий қиймати 263 млн 921 минг сўмни ташкил этувчи 30 турдаги 10 509 қути дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтган бўлиб, 3 турдаги 639 қути дорилар ҳамда 243 дона гель воситаларининг яроқлилик муддатлари қалбакилаштирилган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра, дорихона мансабдор шахслари томонидан дори воситалари лицензияда кўрсатилган бинодан ташқарида сақланиб, 10 турдаги дори воситаларида мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган, 1 турдаги дори воситаси ғайриқонуний тайёрланган (контрафакт), 9 турдаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва 20 турдаги яроқлилик муддати тугаган дори воситалари тегишли тартибда йўқ қилинмасдан сақланаётганлиги сабабли, ушбу дори воситаларининг барчасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.
Ҳозирда дорихона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186³-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.