15:06 (20.12.2023)
938
Маълумки, дори препаратлари таъсир этиш хусусиятига кўра турли вақтларда ичилади. Бу ҳақда йўриқномада аниқ кўрсатма берилади.
Масалан, таомланаётганда овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшиловчи препаратларни қабул қилиш мумкин.
Овқатланиб бўлгач, ярим соатдан сўнг бош оғриғига қарши оғриқсизлантирувчи, пешоб ҳайдовчи, иситма туширувчи, юрак фаолияти учун гликозидлар, шамоллаш ва яллиғланишга қарши ҳамда антибактериал таъсирга эга дорилар ичилади.
Таомланишдан олдин ичиладиган турлари белгиланган соатига кўра:
тановулдан 1 соат аввал — пробиотиклар;
ярим соат олдин — антацид гуруҳига мансуб препаратлар, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси учун мўлжалланган дорилар;
Таомланишдан 30-40 дақиқа илгари — диареяга қарши препаратлар, кальций, тетрациклин гуруҳига оид дори воситаларини қабул қилиш мумкин.
Аччиқ ва тил тагига ташлаб ичиладиган дориларни эса оч қоринга қабул қилиб бўлмайди.
Агар препарат йўриқномасида қабул қилиш вақти кўрсатилмаган бўлса, уни куннинг исталган қисмида ичишингиз мумкин. Бунда овқатдан аввалги 30-40 дақиқа энг мақбул муддатдир.