15:00 (01.11.2023)
1656
Реимбурсация – беморга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали дори воситаларини бепул олиш имконини берувчи тизим ҳисобланади. У тажриба-синов тариқасида ўтган йили Сирдарё вилоятида, жорий йилда эса Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда ҳам жорий қилинди.
"Дори-Дармон" акциядорлик компанияси тизимидаги "Сирдарё Дори-Дармон" масъулияти чекланган жамиятига қарашли 40 та, шунингдек компанияга қарашли Тошкент шаҳридаги 3 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация тизимига уланган.
Тошкент шаҳрида реимбурсация тизимига уланган дорихоналар:
• 36/1-сонли шохобча. Юнусобод тумани, 51-сонли оилавий поликлиникада жойлашган.
• 36/3-сонли шохобча. Юнусобод туман кўп тармоқли марказий поликлиникада жойлашган.
• 27-сонли дорихона. Юнусобод тумани, Аҳмад Дониш кўчасида жойлашган.
Диспансер назоратида турган беморлар оилавий шифокорларига мурожаат этиб, электрон рецепт асосида дорихоналардан дори воситаларини бепул олишлари мумкин.
Бундай дори воситалари қуйидаги касалликларга чалинган беморларга берилади:
• Гипертония ва юрак ишемик касаллиги;
• Қандли диабетнинг 2-тури;
• Бронхиал астма;
• Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги.
Сурункали касалликлар узоқ муддат даволанишни талаб этади, лекин кўп беморлар дори воситаларини доимий харид ва мунтазам қабул қилмайди. Ушбу тизим орқали беморлар узлуксиз дори воситалари билан таъминланади, бу ўз ўрнида касалликлар асоратини ва ногиронликни камайишига олиб келади.