15:37 (04.10.2022)

2343

Генетик олим Нобель мукофотини қўлга киритди

2022 йилги физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофоти швед биологи Сванте Пэабога топширилди. Бу ҳақда 3 октябрь куни Стокгольмдаги Каролинск институтининг Нобель қўмитаси маълум қилди.

Олим “йўқ бўлиб кетган гоминидлар (приматлар оиласи, жумладан, ҳомо сапиенс) геноми ва инсон эволюцияси соҳасидаги кашфиётлари учун” мукофотга сазовор бўлди”, дейилади қўмита баёнотида. 

Қайд этилишича, Пэабо ўз тадқиқотлари билан илм-фан оламида имконсиз бўлиб туюлган иш – неандертал геномини кетма-кетлаштиришни амалга ошира олган.

“У, шунингдек, илгари номаълум бўлган гоминид – Денисовский одами ҳақида шов-шувли кашфиёт қилди”, деб таъкидлади қўмита. 

Швециялик биолог, шунингдек, 70 минг йил аввал Африкадан кўчиб келганидан сўнг йўқолиб кетган гомининлардан генларнинг ҳомо сапиенсга ўтиши содир бўлганлигини ҳам аниқлади. Замонавий одамларда бу генлар иммунитет тизимининг инфекцияларга қандай жавоб беришини аниқлайди. Пэабонинг тадқиқотлари бутунлай янги илмий интизом – палеогеномикани дунёга келтирди.  

Сванте Пэабо эволюцион генетик. Унинг отаси биокимёгар Суне Бергстрём бўлиб, у 1982 йилда физиология ёки тиббиёт бўйича "простагландинлар ва улар билан боғлиқ биологик фаол моддаларга оид кашфиётлар учун" Бенгт Самуэльсон ва Жон Уэйн билан бирга Нобель мукофотига сазовор бўлган. 

Пэабо палеогенетиканинг асосчиларидан бири бўлиб, генетик усуллар ёрдамида биринчи одамлар ва гоминидларни ўрганади. У бу соҳадаги фаолиятини 1984 йилда Европа музейлари коллекцияларидан қадимий Миср мумияларини ўрганишдан бошлаган. 1985 йилда тарихда биринчи марта мумиялардан генетик материал олинди. 2010 йил март ойида Пэабонинг тадқиқот гуруҳи Олтойдаги Денисов ғорида топилган бўлакдан ДНКни ўрганиб, илгари номаълум бўлган гоминидлар тури – Денисов одами антик даврда мавжуд бўлган деган хулосага келди. 

У Швеция Қироллик Фанлар Академияси, АҚШ Миллий Фанлар Академияси, Франция Фанлар Академияси ва Лондон Қироллик Жамиятининг аъзоси. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech