16:00 (21.09.2026)
17
Микробларга қарши препаратлар — антибиотиклар, вирусларга, замбуруғларга ва паразитларга қарши воситалар одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш учун хизмат қилувчи энг муҳим дори воситаларидир. Бироқ бугунги кунда уларнинг самарадорлигига раҳна солаётган хавф — микробларга қарши препаратларга чидамлилик глобал муаммога айланмоқда.
Чидамлилик ўзи нима ва у қандай пайдо бўлади?
Микробларга қарши препаратларга чидамлилик бактериялар, вируслар, замбуруғлар ва паразитлар уларини йўқ қилиш учун мўлжалланган дори воситаларига нисбатан сезгирлигини йўқотганда юзага келади. Оқибатда оддий инфекцияларни даволаш ҳам қийинлашади ёки умуман имконсиз бўлиб қолади. Бу эса касалликнинг оғир кечиши, ногиронлик ва ҳатто ўлим хавфини кескин оширади.
Статистикага кўра:
➖ 2021 йилда дунё бўйлаб бактериал микробларга қарши препаратларга чидамлилик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 4,7 миллионни ташкил этган.
➖ 2023 йилда ҳар олтинчи лаборатория томонидан тасдиқланган бактериал инфекция антибиотикларга чидамли бўлиб чиққан.
Прогнозларга кўра, ҳозирги суръат сақланиб қолса, 2035 йилга бориб фақатгина резистент бактериал инфекцияларни даволаш учун йиллик харажатлар 412 миллиард АҚШ долларини ташкил этади — меҳнат унумдорлигининг пасайиши туфайли юзага келадиган йиллик зарарлар эса 443 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда
Бунинг асосий сабаблари нимада?
Нотўғри ва ҳаддан ташқари кўп антибиотик ичиш: Кўрсатма бўлмаганда ёки шифокор рецептисиз дори қабул қилиш.
Тавсияларга амал қилмаслик: Аҳволи яхшилангач, даволаниш курсини чала қолдириш.
Гигиена ва профилактиканинг етишмаслиги: Тоза сув, санитария шароитларининг чекланганлиги ҳамда тиббиёт ва маиший ҳаётда инфекция назорати пастлиги.
Янги дорилар етишмовчилиги: Эскирган ва самарасини йўқотган препаратлар ўрнига янгиларининг жуда секин ишлаб чиқарилиши.
Турли соҳалардаги хавфлар
Бактериялар: E. coli ва K. pneumoniae каби грамотманфий бактериялар оғир сепсис ва аъзолар етишмовчилигини келтириб чиқаради. Жинсий йўл билан ўтадиган гонорея касаллигида ҳам айрим дориларга чидамлилик 75% га етган.
Кўп дори воситаларига чидамли сил (бу силнинг шундай шаклики, унинг бактериал қўзғатувчиси энг самарали иккита силга қарши препарат — изониазид ва рифампицинга нисбатан сезгир эмас) эса даволашни янада мураккаблаштирмоқда. 2024 йилда биринчи марта аниқланган сил беморлари орасида дориларга чидамли сил билан оғриган шахсларнинг тахминий улуши 3,2 фоизни ташкил этди, илгари силдан даволаниш курсини ўтаганлар орасида эса бу кўрсаткич сезиларли даражада юқори бўлиб, 16 фоизга етди.
Замбуруғлар: Candidozyma auris каби чидамли замбуруғлар айниқса, иммунитети паст ва оғир беморлар учун ўта хавфли.
Вируслар ва паразитлар: Сўнгги ўн йилликда антиретровирус терапия (АРТ) ОИВ инфекциясига чалинган ўн миллионлаб инсонларни ўлимдан сақлаб қолишга имкон берди. Шу билан бирга, ОИВга қарши препаратларнинг кенг қўлланилиши вируснинг дори воситаларига чидамлилиги шаклланиши билан бирга кечди. ОИВнинг АРВ-препаратларга нисбатан резистентлиги ОИВ инфекциясининг янги ҳолатлари сонининг кўпайишига ва ўлим кўрсаткичларининг ошишига олиб келиши мумкин.
ОИВдан ташқари, грипп вирусларининг дори воситаларига чидамлилиги ҳам аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солади. ЖССТ, шунингдек, дори воситаларига чидамлиликнинг шаклланиши B ва C вирус гепатитларини даволаш дастурлари учун янги қийинчиликлар туғдираётганини таъкидлайди.
ЖССТ ва халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари
ЖССТнинг 2026–2036 йилларга мўлжалланган Глобал ҳаракат режаси инсонлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган «Ягона саломатлик» концепциясига асосланади.
Асосий мақсадлар:
➖ 2030 йилга бориб микробларга қарши препаратларга чидамлилик билан боғлиқ инсонлар ўлимини 10% га қисқартириш.
➖ Агроозиқ-овқат тизимларида микробларга қарши воситаларни камайтириш.
➖ Аҳоли ўртасида хабардорликни ошириб, тиббий саводхонликни юксалтириш.
➖ Тадқиқотлар ва янги инновацион дори воситаларини яратишни жадаллаштириш.
Тавсия: Ўзбошимчалик билан, айниқса шамоллаш ва вирусли касалликларда дарҳол антибиотикларга қўл урманг. Ҳар қандай дори воситасини фақат шифокор кўрсатмаси ва рецепти асосида қабул қилинг!