12:04 (17.05.2022)
3555
Президентимизнинг «Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, қуйидагилар аҳоли орасида айрим вирусли инфекцияларни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
— вирусли гепатитларнинг «В» ва «С» турларини эрта аниқлаш учун барча ҳудудларни қамраб олувчи скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш;
— касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи тиббиёт ходимларини гепатит «В» инфекциясига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш;
— скрининг текширувларида вирусли гепатит «С» тури аниқланган беморларни даволаш жараёнида дори воситалари билан бепул таъминлаш;
— соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфлов материаллари (реагент ва тест-тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминлаш;
— барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва уни юритиш;
— вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назоратини такомиллаштириш;
— вирусли инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;
— вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.
Қарорга асосан:
— 2022–2025 йилларда айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича дастур;
— 2022–2023 йилларда эпидемиологик кўрсатмага мувофиқ, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимларини гепатит «В» инфекциясига қарши эмлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланади.
Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
— ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит «В» ва «С» турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит «С» тури билан касалланган беморларни даволаш 10,5 минг нафаргача етказилади;
— 2022 йил 1 сентябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг «В» ва «С» турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади.