17:50 (05.05.2025)
143
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг ижросини Бухоро ва Самарқанд вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника муомаласини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятида 13 та улгуржи савдо билан шуғулланувчи лицензияланган субъектлар фаолият юритмоқда. Улардан 12 таси GPP (Good Pharmaceutical Practice) стандарти бўйича сертификат олиб, фаолиятни амалдаги техник ва санитария қоидаларига мувофиқ тарзда ташкил этган. Барча улгуржи омборхоналар дори воситаларнинг ҳароратга нисбатан сезгирлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида махсус ҳарорат режимини сақловчи автомобиллар билан таъминланган.
Шунингдек, вилоятда жами 876 та дорихона ва дорихона шахобчалари фаолият юритяпти. Улардан 128 та ижтимоий дорихона “Buxoro Dori-Darmon” МЧЖга, яна 40 та ижтимоий дорихона “Madadkor Pharm” МЧЖга тегишли бўлиб, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлашга ихтисослашган.
Бухоро вилоятида дори воситаларини ишлаб чиқариш фаолияти тўғридан-тўғри тиббиёт муассасаларида эмас, балки хусусий фармацевтик субъектлар, кластерлар ва улгуржи субъектлар орқали амалга оширилмоқда.
Йиғилишда бугунги кунда Самарқанд вилоятида ҳам дори воситалари савдоси ва фармацевтика фаолиятини доимий назорат қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Жумладан, вилоят бўйича 2024 йилда 47 та сериядаги 4 052 920 шартли ўрамдаги тиббий буюмлар учун 9 та, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 15 та сериядаги 8 081 640 ҳамда 3 та сериядаги 210 шартли ўрамдаги тиббий буюмлар учун жами 8 та мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилгани таъкидланди.
Бундан ташқари, “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг вилоятдаги филиалида микробиологик ва кимёвий лабораториялар ташкил этилган.
Мунозараларда депутатлар томонидан ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларнинг фикрлари эшитилди. Ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар эътироф этилиб, ечимини кутаётган айрим масалалар борлиги қайд этилди.
Тегишли идора ва ташкилотларга дори воситалари муомаласига оид маълумотларни марказлаштирилган электрон ахборот тизимида юритиш, аҳолига қулайлик яратиш ва нархлар шаффофлигини таъминлаш, ижтимоий дорихоналар сонини босқичма-босқич ошириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.