09:00 (25.06.2024)

3473

Жигар учун фойдали бўлган 10 та маҳсулот

Жигар – инсон организмидаги энг муҳим органлардан бири. У қонни зарарли моддалардан тозалаб, танада витамин ва минералларни сақлайди. Шунингдек, яллиғланишни назорат қилиб, энергия ишлаб чиқаради.

Қуйида жигар учун энг фойдали бўлган 10 та маҳсулот ҳақида маълумот берамиз.

1. Қовоқ. Бу маҳсулот бета-каротиннинг бой манбаи ҳисобланиб, ушбу модда жигарни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган кучли антиоксидант ҳисобланади. Ундаги С, Е, калий, магний ва темир каби муҳим витамин ва минераллар жигар фаолиятини яхшилайди ва унинг ҳимоя механизмларини мустаҳкамлайди.

Қовоқда кўп миқдорда сув ва тола бўлиб, улар жигарни тозалашга ёрдам беради ва зарарли моддаларни организмдан чиқариб ташлашни тезлаштиради. Шу билан бирга, ёғ миқдори кам ва паст калорияли бу маҳсулот жигарга ортиқча юк тушишининг олдини олади.

2. Туршак. У жигар фаолиятини яхшилаб, детоксикация қобилиятини оширади. Туршак таркибидаги силимарин моддаси ушбу органни мустаҳкам ҳимоялайди.

3. Сут маҳсулотлари. Йогурт, қатиқ ва бошқа сут маҳсулотлари пробиотикларга бой. Улар ичак микрофлорасини мувозанатлаштиришга ёрдам беради. Ҳазм тизими яхши ишласа, жигарга тушадиган юк камаяди. Натижада организм токсинларни тез ва самарали чиқариб ташлайди.

4. Брокколи. Жигар учун фойдали бўлган ушбу сабзавот антиоксидантларга бой. Ундаги сульфорафан моддаси жигарни зарарли моддалардан ҳимоялаб, яллиғланиш жараёнларини секинлаштиради.

Қолаверса, брокколи дииндолилметан ва глюкорафанин каби табиий бирикмалар билан жигар ҳолатини яхшилайди. Бу моддалар саратонга қарши хусусиятлар билан боғлиқ ва табиий детоксикация жараёнини қўллаб-қувватлайди.

5. Зайтун ёғи. У антиоксидантларга бой ва жигарни эркин радикаллардан асрайди. Ундаги олеин кислотаси яллиғланишни камайтириб, жигар ҳужайраларини ҳимоя қилади. Шунингдек, зайтун ёғи организмдаги “ёмон” холестеринни камайтириб, “яхши” холестеринни оширади.

6. Ёғли балиқлар. Ушбу маҳсулот омега-3 ёғ кислоталарига бой бўлиб, жигардаги яллиғланишни камайтиради. Ундаги Д, В12 витаминлари, селен ва йод моддаси орган фаолиятини яхшилайди. Қолаверса, ёғли балиқлар сифатли протеин манбаи ҳисобланади. Протеин эса жигар ҳужайраларининг тикланиши ва янгиланишида муҳим ҳисобланади.

7. Қизил лавлаги. Унинг таркибидаги бетанин моддаси жигар фаолиятини яхшилаб, детоксикация қобилиятини оширади.

8. Ёнғоқлар. Бодом ва ёнғоқ омега-3 ёғ кислоталари ва Е витаминига бой. Улар жигарни зарарли моддалардан ҳимоя қилиб, яллиғланишни камайтиради.

9. Саримсоқ пиёз. Ушбу маҳсулот жигарни детоксикация қилишга ёрдам беради. Охирги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, у семиришнинг олдини олади ва тана вазнини камайтиришга ёрдам беради.

10. Сули ёрмаси. Юқори даражада толаларга бой бўлган ушбу маҳсулот ҳазм қилиш тизимини яхшилаб, токсинларни организмдан чиқаришга ёрдам беради. Бу эса жигарга тушадиган юкни камайтириб, унинг фаолиятини яхшилайди. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech