12:00 (16.10.2025)

76

ЖССТ: Бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги кескин ортиб бормоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда антибиотиклар бактерияларга қарши курашда тобора самарасиз бўлиб бораётгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, дунё миқёсида инфекцияларнинг дори воситаларига чидамлилиги ҳар йили ўртача 5–15 фоизга ошиб боряпти. Бу антибактериал препаратларнинг ортиқча ва нотўғри қўлланилаётгани билан боғлиқ.

Масалан, E.coli (Escherichia coli) бактерияларининг 40 фоизи, Klebsiella pneumoniae бактерияларининг эса 55 фоизидан ортиғи айни пайтда пешоб йўллари, қон ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларини даволашда кенг қўлланиладиган антибиотикларга чидамли.

Айрим инфекциялар эса ҳозирда мавжуд барча дори воситаларига фаол қаршилик кўрсата олади. Сальмонелла, олтин стафилококк ва E.coli бактериялари сабабли йилига миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда.

ЖССТ вакили Сильвия Бертаньолионинг маълум қилишича, 2021 йилда бактериялар сабабли юзага келган инфекциялар деярли саккиз миллион инсоннинг умрига зомин бўлган, шундан 1 миллиондан ортиғи тўғридан тўғри дорига чидамли бактериялар билан боғлиқ бўлган.

Шундан келиб чиқиб, ҳисоботда янги авлод антибиотикларини яратиш бўйича илмий тадқиқотларни жадаллаштириш лозимлиги айтилган. Ўз навбатида, бундай воситалардан фойдаланишни камайтириш зарур. Бу орқали бактериялар чидамлилиги ошишини секинлаштириш мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech