16:00 (12.01.2023)
2486
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 январь куни Ҳиндистоннинг Marion Biotech ишлаб чиқарувчисининг «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сироплари сифат стандартларига мос келмаслиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Бу дорилар Ўзбекистонда камида 20 нафар ёш боланинг ўлимига сабаб бўлган.
ЖССТ ҳолат бўйича хабарномани Ўзбекистондан 22 декабрь куни олганини билдирди. Ташкилот иккита дори воситасини «стандартга номувофиқ бўлган суюқ дори воситалари (контаминацияланган)» рўйхатига киритди. «Бугунгача ишлаб чиқарувчи ЖССТга ушбу маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати ҳақида кафолат бермаган», дейилади баёнотда.
ЖССТ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан ўтказилган таҳлилларда препаратлар таркибида кўп миқдорда диэтиленгликоль ва этиленгликоль топилганини қайд этди.
«Ушбу маҳсулотларнинг иккаласи ҳам бошқа мамлакатларда [ЖССТнинг Европа минтақасида] сотиш учун тасдиқланган бўлиши мумкин. Шунингдек, дорилар бошқа минтақалардаги норасмий бозорлар орқали ҳам тарқатилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас», — дейди ташкилот.
ЖССТ хабарномасида диэтиленгликоль ва этиленгликоль одамлар учун заҳарли ҳисобланиши ва қабул қилинган тақдирда, ўлимга олиб келиши мумкинлиги айтиб ўтилган.