12:05 (28.09.2023)
1445
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кейинги йилларда ёшлар ўртасида тамаки маҳсулотлари истеъмоли, хусусан, электрон сигарета чекиш оммалашиб бораётганидан хавотирда.
Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг ҳар 10 нафардан 9 нафари 18 ёшга тўлмай туриб, ҳатто баъзилари 11 ёшдан чекишни бошлайди. Вояга етмаганлар ўртасида бу иллат кўп ҳолларда мактаб муҳитида авж олаётгани ачинарли.
Яна бир ташвишланарли ҳолат, тамаки тутуни пассив чекувчилар, яъни ён-атрофдаги ўсмирлар ва болалар ҳаётини ҳам заҳарламоқда. Худди шу омил йилига 1,3 миллионга яқин кишининг ўлимига сабаб бўляпти.
Хусусан, дунёдаги болаларнинг ярми тамаки тутуни билан ифлосланган ҳаводан нафас оляпти.
Ваҳоланки, кашандалик олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларининг биринчи сабаби. Мутахассислар XXI асрнинг биринчи ярмида чекиш туфайли яна 450 миллион одам ўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти.
Бунинг энг кенг тарқалган сабаблари саратон, юрак хуружи, инсульт ва сурункали обструктив ўпка касалликларидир.
Қолаверса, сигаретнинг атроф-муҳитга ҳам зиёни катта. Уларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш йилига 84 миллион тонна карбонат ангидрид (CО2) ҳосил бўлишига олиб келади.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ аввалроқ ҳукуматларни бундай маҳсулотлар реализацияси ва рекламасини тартибга солишга чақирганди‼️ Кеча ташкилот томонидан эълон қилинган янги баёнотда мактабларда тамаки истеъмолини тўлиқ тақиқлаш ва “никотиндан холи муҳит” яратиш юзасидан тавсиялар берилди.