12:00 (30.07.2024)

851

Иссиқ кунларда дори воситаларини қандай сақлаш керак?

Ҳар бир дори воситасининг қўллаш йўриқномасида уларни тўғри сақлаш қоидалари ва шартлари ёзилган бўлади. Масалан, баъзи препаратлар музлаткичда, айримлари хона ҳароратида, яна бир туркуми қуруқ ёки қоронғу жойда сақланиши керак.

Бироқ ёзнинг жазирама кунларида бу талабларга алоҳида риоя қилиш зарур. Чунки иссиқ ҳаво уларнинг хусусиятларини ўзгартиради ва қуёш нурида қолиб кетган дорилар соғлик учун зарарли воситага айланиши мумкин.

"Фармацевтик маҳсулотлар хавфсизлиги маркази" давлат муассасаси Фармакологик назорат бўлими бошлиғи Эльвира Свечникова бу ҳақда ўз тавсияларини берди.

—  Аввало, антибактериал препаратлар, суртма ва геллар, гормонал дорилар, витаминлар, пластир ҳамда тиббий шамчаларни иссиқдан ҳимоя қилиш лозим, — дейди мутахассис. — Мисол учун, кремлар, суртма, шамчалар юқори ҳароратда эригач, доривор моддаларнинг ички таркибида қайта тақсимланиш жараёни содир бўлади ва ҳатто кейинги қайта совитиш ҳам уларни сақлай олмайди.

Бундан ташқари, автомашиналардаги биринчи ёрдам тўпламларини эсдан чиқармаслик керак: уларни иссиқда ҳам, совуқда ҳам машинада қолдириб бўлмайди.

Ҳамма дори воситасини музлаткичда сақлаш нотўғри!

Хона ҳарорати деганда, одатда 15°-25° даража, шунингдек иқлим шароитига кўра 30°С гача бўлган ҳарорат назарда тутилади. Бундай пайтда дори воситаларини тиббиёт қутичасида жамлаб, шкафда сақлашингиз мақсадга мувофиқ.

8°дан 15° градусгача бўлган салқин муҳитда айрим дори воситаларини музлаткичда сақлашга рухсат берилади.

Бунда 8°С дан паст ҳароратда физик-кимёвий хусусиятлари ўзгариши мумкин бўлган дори воситалари (дамламалар, суюқ экстрактлар ва бошқалар)ни музлаткичда сақлаш мумкин эмас.

Фармацевтика маҳсулотларини совуқ жойда сақлаш деганда 2°C дан 8°С гача бўлган микроиқлим муҳити тушунилади.

Бунда дори-дармонларни музлаткичнинг деворига яқин жойлаштириб, уларнинг музлаб қолишига йўл қўймаслик керак. Одатда, шамчалар (свеча), турли кўз томчилари, линиментлар, инъекция эритмалари, фермент таблеткалари шу тарзда сақланади.

Музлаткичнинг бир токчасида дори воситалари ва озиқ-овқатлар ёнма-ён туриши қатъиян ман этилади.

Препаратларни сақлашда ёруғлик ва намликдан ҳимоя қилиш каби талабларга ҳам эътибор бериш зарур. Агар кўрсатмада "қоронғу жойда сақланг" деб ёзилган бўлса, унда сиз дори қадоғини ёруғликдан тўлиқ ҳимоя қилишингиз керак.

Қуруқ жойда ҳаво намлиги 50 фоиздан ошмаслиги лозим. 

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech