11:00 (24.02.2023)
2655
Европа Иттифоқи мамлакатларида дори воситаларининг рекламасини ҳуқуқий тартибга солиш умуман олганда, бир хил. Бу қабул қилинган Европа Иттифоқининг Директиваси билан боғлиқ бўлиб, у фармацевтика маҳсулотлари рекламасини тартибга солиш бўйича барча талабларни тавсифлайди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Европа Иттифоқи мамлакатларида рецепт бўйича дори воситалари ва психотроп препаратларни реклама қилиш тақиқланади.
Энг қатъий шартлар Белгияда қўлланилади, бу ерда нафақат кенг аудитория, балки мутахассислар учун ҳам реклама чекловлари мавжуд, ҳатто тиббиёт ходимларига ҳам реклама намуналарини тарқатиш тақиқланади. Германияда реклама фаолиятини тартибга солувчи қўшимча “Дори воситалари рекламаси тўғрисида”ги қонун мавжуд. Хусусан, олимлар ёки етакчи фикр билдирувчиларнинг маслаҳатлари бўлган маълумотларни реклама матнига киритиш тақиқланади. Aнглияда дори воситаларининг рекламаси бир нечта ҳужжатлар билан тартибга солинади, хусусан, баъзи қоидалар “Британияда дори-дармонларни реклама қилиш ва тарғиб қилиш” қўлланмасида бўлиб, у шунингдек, “Мовий қўлланма” деб ҳам аталади.
Кўпгина Европа Иттифоқи мамлакатларида рекламанинг ўзини ўзи бошқариш ва ўзини ўзи чеклаш тизимлари яхши ривожланган, шунинг учун ноўрин дори рекламасини назорат қилиш ва аниқлаш жамоат ташкилотлари (масалан, Германияда INTEGRITAS (Дори воситаларини ҳалол реклама қилиш иттифоқи) томонидан амалга оширилади. Ушбу жамоат ташкилотлари реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан суд ишларини қўзғатиш ва жамоат танқидлари (матбуот нашрлари ва бошқаларда), шунингдек, реклама материалларини олдиндан кўриб чиқиш каби усуллардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Реклама материалларини олдиндан назорат қилиш ва кўриб чиқиш Европада кенг тарқалган амалиётдир. Шундай қилиб, Францияда дори воситаларининг ҳар қандай рекламаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг ваколатли органларининг рухсатини талаб қилади; Италия ва Данияда дори воситаларининг рекламаси Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан мажбурий тасдиқланиши керак.
Қонунни бузганлик учун жазо чоралари рекламани тўхтатиш тўғрисидаги ҳукумат буйруғидан тортиб, суд қарорлари билан белгиланган жарималар ва жиноий жавобгарлик сингари бошқа шаклларда бўлиши мумкин.