14:30 (10.10.2025)

72

Европа Иттифоқида дори воситаларининг сурункали танқислиги қайд этилди

2023 ва 2024 йилларда инсон соғлиги учун муҳим бўлган дори воситалари етказиб берилишида кузатилган муаммолар Европа Иттифоқи мамлакатлари учун жиддий хавотир уйғотмоқда.

Европа ҳисоб палатасининг (ECA) янги ҳисоботига кўра, дори воситаларининг "сурункали" танқислиги сўнгги икки йилда энг юқори даражага етган. 2022 йилдан 2024 йил октябригача ЕИда инсон соғлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган 136 номдаги дори воситасининг етишмовчилиги кузатилган. Ушбу рўйхатга инфекцияларни даволашда кенг қўлланиладиган антибиотиклар ҳам киритилган.

2023 ва 2024 йилларда дори воситалари танқислиги бўйича мутлақ рекорд қайд этилган — мос равишда 48 ва 46 ҳолат. 2024 йил бошидан октябрь охиригача ЕИга аъзо 27 мамлакатдан камида 21 таси шошилинч аҳамиятга эга дори воситаларининг етишмовчилиги ҳақида расмий равишда хабар берган. Энг кўп танқислик ҳолатлари Бельгия, Испания ва Францияда кузатилган.

2024 йил январь ойида эса Европа иқтисодий ҳудудининг 19 давлати "қишки" антибиотиклар танқислигига дуч келган. 11 та давлатда бундай етишмовчилик шошилинч ва жиддий даражада деб баҳоланган.

Муаммо сабаблари ва оқибатлари

Дори воситаларининг етишмовчилигига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, талабнинг ошиб бориши, ишлаб чиқаришдаги кечикишлар, ишлаб чиқариш қувватлари билан боғлиқ муаммолар ва энергия харажатларининг ортиши танқисликнинг асосий сабаблари сифатида кўрсатилган.

"Миллий харид жараёнларида барқарорлик учун кам миқдорда рағбат берилгани нархларга бўлган босимни кучайтирмоқда", — дейилади ҳисоботда.

Европада ишлаб чиқариш харажатлари Осиёга нисбатан 20–40 фоизга юқори экани қайд этилган. IQVIA таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, бу ҳолат ЕИнинг фаол фармацевтик моддалар бўйича Осиёга 70 фоизга ва дори воситаларидаги асосий биокимёвий моддалар (прекурсорлар) бўйича 79 фоизга боғлиқ бўлиб қолишига олиб келган.

Бу эса нафақат беморларга салбий таъсир кўрсатмоқда, балки миллий соғлиқни сақлаш тизимлари учун катта иқтисодий юкни келтириб чиқармоқда.

Мутахассислар фикри

"Дори воситаларининг танқислиги — бутун Европа Иттифоқи бўйлаб доимий муаммо бўлиб қолмоқда ва у ҳанузгача иттифоқ учун сурункали бош оғриғи саналади. Бундай ҳолатлар тобора кўпайиб, янада жиддий тус олмоқда. 2023 ва 2024 йилларда кузатилган танқислик даражалари тарихдаги энг юқори нуқтага етди", — деди Европа ҳисоб палатаси ҳисоботини журналистларга тақдим этар экан, Клаус-Хайнер Лене.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech