10:00 (08.07.2024)
795
Ушбу саволга Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази директори Санжар Шарипов батафсил жавоб берди:
— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасқидланган "Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти"га кўра, малака тоифасини бериш бўйича мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган, яъни ихтиёрий равишда малака тоифасини бериш бўйича аттестацияларда иштирок этиши мумкин бўлган мутахассислар ҳам бўлиб, улар қаторига қуйидагилар киради:
- фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган олий тиббий таълим ташкилотларининг шифокор ва фармацевтлари;
Изоҳ: бунда олий тиббий таълим ташкилотларининг кафедраларида фаолият юритаётган шифокор ва фармацевтлар назарда тутилган бўлиб, бошқа тиббиёт муасасаларида фаолият юритадиган илмий даража ҳамда илмий унвонга эга шифокор ва фармацевтлар учун малака тоифасини бериш бўйича аттестациядан ўтиш мажбурий эканлигини англатади. Шунингдек, уларнинг амалдаги малака тоифаси муддати тугагандан сўнг малака тоифаси учун тўланадиган қўшимча тўлов тўхтатилади.
- тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган ва қонунчиликка мувофиқ пенсия ёшига тўлган шифокор ва фармацевтлар;
Изоҳ: бунда уларнинг амалдаги малака тоифаси муддати тугагандан сўнг малака тоифаси учун тўланадиган қўшимча тўлов тўхтатилади. Малака тоифаси учун қўшимча тўлов тўланиши учун навбатдаги ёки амалдаги малака тоифасини олиш учун ўрнатилган тартибда ҳужжат топшириб, аттестациядан ўтиши талаб этилади.
- тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти бўйича уч йилдан кам бўлган иш стажига эга шифокор ва фармацевтлар;
Изоҳ: бунда юқорида айтилган Регламентга кўра, иккинчи малака тоифаси учун энг камида уч йил иш стажи талаб этилади, шунга кўра, ушбу шифокор ва фармацевтлар учун мазкур даврда малака тоифаси олиш ихтиёрий этиб белгиланганлигини англатади.
- ҳомиладор аёллар, улар ҳомиладор бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;
- ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътилларида бўлган аёллар, улар таътилда бўлган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин бир йил давомида;
- тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган уч ёшгача болалари бор аёллар;
- узоқ вақт давомида (уч ойдан ортиқ) даволанаётган шифокор ва фармацевтлар, улар даволанаётган даврда ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида;
- чет давлатларга ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилган шифокор ва фармацевтлар.
Бунда, 4, 5, 6, 7, 8-хатбошилардаги шифокор ва фармацевтлар фақатгина белгиланган давр давомида малака тоифасини бериш бўйича мажбурий аттестацияга жалб этилмайди.