12:12 (14.11.2022)

3185

Компаниянинг жорий йил 9 ойлик якунлари таҳлил қилинди

“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ва унинг таркибидаги корхоналар раҳбарлари иштирокида 2022 йил 9 ойлик якунларига бағишланган навбатдаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида компаниянинг бош ҳисобчиси И.Абдусаломов компания ҳамда унинг таркибидаги акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларда 2021 йил 9 ой якуни бўйича тасдиқланган бизнес режа кўрсаткичларининг бажарилиши ҳақида тақдимот қилди. 

Маълумотларга кўра, “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси тизими бўйича умумий товар айланмаси 543,9 млрд. сўмни, шундан улгуржи товар айланмаси 357,6 млрд. сўмни, чакана савдо айланмаси 186,3 млрд. сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даврида компаниянинг умумий даромади 135,2 млрд. сўм, соф фойда 11,1 млрд.сўм бўлганлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида компания Бошқарув раиси У.Салихбаева Вазирлар Маҳкамасининг «Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори ижроси билан қизиқди. Юртимизда босқичма-босқич жорий этилаётган, дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига масъулият билан ёндошиш кераклигини таъкидлади.

Маркировка тизими маҳсулотларнинг ҳақиқий ёки контрафакт эканини текшириш учун, шунингдек, ишлаб чиқарувчи томонидан маҳсулоти ҳаракатини кузатиши учун керак бўлади. Маркировкалаш доирасида маҳсулот қадоғига қўйилган DataMatrix код мобил илова орқали сканерланиши мумкин. Харидор шу орқали ўзини қизиқтирган маҳсулот ҳақидаги барча маълумотларни олиши, унинг ҳақиқийлигини текшириши мумкин бўлади.

Шунингдек, тизимдаги жамиятлар томонидан “Зарур дистрибьюторлик амалиёти(GDP)” сертифатини олиш учун амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди ва зарур тавсиялар берилди.

Бугунги кунда “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ўз фаолиятининг энг муҳим палласида турибди, чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 446-сонли қарори билан “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси устав капиталидаги назорат пакети, яъни 51 фоиз акциялар хусусийлаштирилмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ, халқаро нуфузга эга профессионал баҳоловчи ташкилот “PwC” компаниянинг 51 фоиз акциялар пакетини баҳолаш жараёнларини амалга оширишга жалб қилган. Йиғилишда “PwC” вакиллари иштирок этиб, баҳолаш масаласининг долзарблиги, шунингдек компаниянинг жойлаштирилмаган акцияларини йил охирига қадар реализация қилиниши белгиланлигини ҳамда акцияларни баҳолаш жараёни ўртача 3-4 хафта давом этиши ва акциялар пакетининг бозор нархини аниқлашда компания ва жамиятлар томонидан тақдим этилиши зарур бўлган маълумотлар ҳақида ахборот берди.

Йиғилиш давомида “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг ҳудудий бўлинмалари йиллик фаолияти ҳам ҳар томонлама таҳлил қилинган ҳолда ўрганиб чиқилди, йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилиниб, керакли тавсиялар берилди. Компания тизимидаги ижтимоий дорихоналар фаолиятини ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, зарур дори воситалари ассортиментини кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий бошқармаларнинг таклифлари ўрганилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech