09:48 (18.12.2023)
1162
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.С. жами 173 дона “Зардекс” ва “Фенобарбитал” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Қоракўл туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “S.T.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси М.Б. харидорга ҳеч қандай ҳужжатсиз 20 дона “Габатен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ушланиб, дорихонадан жами 106 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, “Қ.С.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси А.Р. ҳеч қандай ҳужжатсиз 40 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро Н.Р.га сотган вақтида ушланиб, дорихонадан жами 60 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.