09:00 (28.11.2024)

76

Lancet:ОИВ билан касалланиш ва ўлим даражаси 12 йил ичида кескин камайди

2010 йилдан 2021 йилгача бўлган 12 йил давомида ОИВ билан касалланиш ва ундан ўлим кўрсаткичлари глобал миқёсда пасайди. Хусусан, янги касалланиш ҳолатлари сони қарийб 22 фоизга, ўлим ҳолатлари сони эса деярли 40 фоизга камайди. Ушбу маълумотлар АҚШнинг Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институти томонидан ўтказилган тадқиқотда келтирилган.

Тадқиқот 1 декабр — Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни арафасида The Lancet журналида чоп этилди.

Тадқиқот муаллифлари дунёнинг 204 мамлакати ва ҳудудларида ОИВ билан касалланиш ва ўлим тўғрисидаги маълумотларни ўрганди. 2021 йил маълумотларига кўра, дунёда ОИВ билан касалланганлар сони 40 миллионга етган. 2010 йилда бу кўрсаткич 29,5 миллионта эди. Олимларнинг таъкидлашича, ўша йили дунёда 2,11 миллионта янги касалланиш ҳолатлари аниқланган, 1,19 миллион одам ОИВдан вафот этган. 2021 йилда эса бу кўрсаткичлар мос равишда 1,65 млн ва 718 мингтани ташкил этган.

Касалланиш ва ўлимнинг пасайишига Африканинг Саҳрои Кабирдан қуйида жойлашган мамлакатлари ва Жанубий Осиёда ОИВ билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани асосий ҳисса қўшди. Ушбу Африка мамлакатларида ОИВни юқтириш эҳтимоли 12 йил ичида 21,8 фоиздан 8,7 фоизгача камайди. Аммо ушбу кўрсаткич дунёнинг бошқа минтақалари билан солиштирганда энг юқори бўлиб қолмоқда. Африкада 12 йил ичида ОИВдан ўлим сони 100 минг аҳолига 106,5 тадан 45,5 тагача камайди.

Шу билан бирга, тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, худди шу даврда Марказий, Шарқий Европа, Ўрта Осиё мамлакатларида вазият сезиларли даражада ёмонлашди. Бу минтақаларда ОИВдан ўлимлар сони жами 10,4 фоизга ошди, 2021 йилда 28,3 минг киши вафот этди. Бундан ташқари, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида ҳам вазият мураккаб. Кўрсатилган даврда ушбу ҳудудларда ўлимлар сони 40,7 фоизга ўсди, 2021 йилда 11,1 минг киши ОИВ билан вафот этди.

Олимларнинг прогнозларига кўра, бутун дунёда ОИВ билан касалланиш ва ўлим даражаси бундан кейин ҳам пасайиб боради. Хусусан, 2030 йилда ОИВдан 513 минг киши, 2050 йилда эса 327 минг киши вафот этиши мумкин. ОИВ билан касалланган одамлар сони эса ўсишда давом этиб, 2030 йилгача 43,7 миллион кишига етади. 2039 йилда бу кўрсаткич энг юқори нуқтага — 44,4 миллион кишига кўтарилади ва шундан сўнг аста-секин пасая бошлайди. Олимларнинг тахминларига кўра, 2050 йилга бориб дунёда ОИВ билан яшовчи одамлар сони 43,4 миллион кишини ташкил этади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech