13:00 (05.12.2025)
162
Айни кунларда Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Тиббий буюмларни тартибга солиш талабларини уйғунлаштириш бўйича глобал ишчи гуруҳи (GHWP)нинг 29 йиллик анжумани ва Техник қўмита йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Ушбу йирик халқаро тадбирда Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров ҳам иштирок этаяпти.
Маълумот ўрнида, GHWP — тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш, хавфни баҳолаш, сертификатлаш, бозор назорати ва сифат менежменти бўйича ягона глобал ёндашувларни шакллантирувчи нуфузли платформа бўлиб, унинг таркибига Япония, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Малайзия ва яна 30 дан ортиқ мамлакатлар киради. Ўзбекистон 2024 йилда Куала-Лумпурда ўтказилган анжуманда ташкилотнинг тўлақонли аъзоси этиб қабул қилингани — давлатимизнинг соҳадаги ислоҳотлари халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолатдир.
Сўнгги йилларда, Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон экспертларининг GHWP ишчи гуруҳлари, техник қўмиталари ва академик ташаббуслардаги фаоллиги мамлакатимизнинг глобал тартибга солиш жараёнларидаги иштирокини кучайтирди.
Марказ мутахассисларининг ташаббуслари, техник ҳужжатлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси ҳамда халқаро муҳокамалардаги фаол иштироки GHWP экспертлари томонидан эътироф этилди. Ўзбекистон вакилларининг GHWP Академиясида спикер сифатида қатнашиши эса мутахассисларимизнинг бу йўналишдаги малакаси ва амалий тажрибаси ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Анжуманда тиббий жиҳозларни тартибга солишнинг янги глобал стандартлари, рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш тартибларини такомиллаштириш, хавфга асосланган ёндашувларни кучайтириш, бозор назоратини самарали ташкил этиш ва техник регламентларни уйғунлаштириш каби стратегик масалалар муҳокама қилинмоқда.
Эътиборлиси, GHWPнинг янги раҳбариятини шакллантириш жараёнида Марказ директори Алишер Темиров GHWP нинг Регулятор органлари бўйича раис ўринбосари лавозимига номзод сифатида илгари сурилиб, бир овоздан маъқулланди. Бу — Ўзбекистоннинг тиббий жиҳозлар соҳасида амалга ошираётган ислоҳотлари халқаро экспертлар томонидан тан олинаётгани ва мамлакатимизнинг регулятор ҳамжамиятдаги мавқеи сезиларли даражада кучайганининг муҳим кўрсаткичидир.
Шунингдек, анжуман кун тартибида 2026 йилда ўтказиладиган GHWP Техник қўмита раҳбарлари йиғилишига мезбонлик масаласи кўриб чиқилди. Мулоқотлар якунида ушбу нуфузли тадбирни Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.