09:00 (14.10.2025)
48
Олдиндан кузатувга олинган, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспекторининг хизмат хонадони кўздан кечирилди.
Натижада, инспектор ушбу хонадонда нарколаборатория ташкил этганлиги аниқланиб, ўрами билан жами 10 кг 500 гр “Альфа-ПВП” ва 4 гр “Спайс” синтетик наркотиклари ҳамда гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда фойдаланиладиган 588 гр суюқлик, асбоб-ускуналар, электрон торози борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, профилактика инспекторнинг Тошкент вилояти Тошкент туманидаги доимий яшаш хонадони текширилганда, ерга кўмиб, яшириб қўйилган тахминий оғирлиги 430 гр бўлган “Альфа-ПВП” наркотик моддаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, ички ишлар ходими “Телеграм” мессенжери орқали синтетик гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи профил эгаси топшириғи асосида наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга олиб келинган моддаларни қабул қилиб олиб, яширин лаборотория шароитида ажал оғусини тайёрлаб, тарқатиш билан шуғулланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ҳамда 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқ органлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса наркотик моддаларни “закладка” тарзида тарқатиб, сотиш билан шуғулланиб келаётган Ангрен шаҳрида яшовчи, 2000 й.т. шахс ўзининг 2001 й.т. жиноий шеригидан 971 гр “Катинон” синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган мазкур 25 ёшли шахс қабул қилиб олган ажал оғусини келгусида кичик бўлакларга тақсимлаган ҳолда сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, қонунчиликка мувофиқ ҳар икки ҳолат бўйича ҳам гумондорларга нисбатан 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.