10:40 (10.12.2024)
805
Швеция ва Австралия олимлари тиболон препаратини менопауза синдроми (репродуктив функцияларнинг пасайиши фонида менопауза давридаги ёшга боғлиқ ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган невропсик, вегетатив-қон томир, эндокрин ва бошқа касалликлар билан тавсифланган ҳолат)ни даволашда қўллаш инсульт ва миокард инфаркти хавфини деярли икки баравар оширишини аниқлади.
Тадқиқот натижалари «British Medical Journal»ида чоп этилди.
2007 йилдан 2020 йилгача ўтказилган тадқиқот 50-58 ёшдаги 919 614 аёлни ўз ичига олди. Улар кузатувдан олдин икки йил давомида гормонал дориларни қабул қилишмаган.
Иштирокчилар қўлланилган гормон терапияси турига қараб саккизта гуруҳга бўлинган. Бир неча йиллар давомида олимлар субъектлар орасида юрак томирлари касаллиги, миокард инфаркти, инсульт ва веноз тромбоэмболия ҳолатлари ҳақида маълумот тўплаб боришди.
Тадқиқот даврида 24 089 та юрак-қон томир ҳодисалари қайд этилган бўлиб, улардан энг кўп коронар юрак касаллиги 43, веноз тромбоэмболия эса 38 фоиз ҳолатда қайд этилган.
Натижалар гормон терапиясининг турли шакллари турли даражадаги хавф билан боғлиқлигини кўрсатди. Оғиз орқали эстроген-прогестин терапияси веноз тромбоэмболия эҳтимолини 61-100 фоизга ва коронер юрак касаллигини 21 фоизга оширди. Энг катта хавф юрак хуружи ва инсульт хавфини икки баравар оширадиган тиболон препаратини қўллаш билан боғлиқ эди. Шу билан бирга, гормонларнинг трансдермал шакллари (терига қўлланиладиган) оғиз орқали юбориладиган воситаларга нисбатан камроқ салбий таъсир кўрсатди.
Ушбу натижалар менопауза даврида терапияни тайинлашда гормонал дориларни қабул қилиш йўли ва таркибини ҳисобга олиш муҳимлигини кўрсатмоқда. Шу боис тадқиқотчилар, айниқса, юрак-қон томир касалликларига мойил бўлган аёллар учун даволаш усулини танлашга эҳтиёткорлик билан ёндашишни тавсия қилишмоқда.