09:50 (24.02.2025)
1010
Aвстралиялик олимлар томонидан олиб борилган янги тадқиқот ушбу микроэлементнинг етишмаслиги сурункали дегенератив касалликларнинг ривожланиш хавфини оширишини тасдиқлади.
Инсон организмидаги 600 дан ортиқ ферментларнинг фаоллигига воситачилик қилувчи магнийни кам истеъмол қилиш (кунига 300 мг дан кам) кўплаб касалликлар хавфини ошириши мумкин.
Жанубий Aвстралия университети олимлари 172 нафар ўрта ёшли эркак ва аёлларнинг қон намуналарини синовдан ўтказгандан сўнг магнийнинг паст даражаси ва гомоцистеин деб аталадиган зарарли аминокислоталарнинг юқори даражаси ўртасида кучли боғлиқлик борлигини аниқлади.
"Бизнинг тадқиқотимиз қондаги магний даражасининг пастлиги (18 мг / Л дан кам) ва ДНКнинг шикастланиши ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқликни кўрсатди ...Бу шуни кўрсатадики, генларни гомоцистеин токсиклигидан ҳимоя қилиш учун қондаги магний миқдорини етарлича юқори даражада ушлаб туриш керак", дейди тадқиқотчилар.
Уларнинг айтишича, паст магний ва юқори гомоцистеин - генларга зарар етказади ва одамларни Aлцгеймер, Паркинсон, ошқозон-ичак касалликлари, саратон ва диабет ривожланишига мойил қилиб қўяди.
Шунингдек, сурункали магний етишмовчилиги организмнинг энергия ишлаб чиқариш ва ҳужайраларни озиқлантириш фаолиятини бузади, бу эса тўқималарнинг тез қаришига олиб келади ва одамларда ёшга боғлиқ касалликлар эрта бошланишига сабаб бўлади.
Тадқиқотчилар, шунингдек, магнийнинг табиий манбаларини таъкидлаб ўтди: дон маҳсулотлари, яшил баргли сабзавотлар, ёнғоқлар, ловия ва қора шоколад.