07:30 (29.11.2023)
1437
Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда бу икки тармоқ учун ҳам зарур хомашё, етарли шароитлар бор. Хусусан, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган.
Лекин бу ҳали мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Масалан, юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолгани импорт ҳисобидан қопланаяпти.
Шу боис йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Сўнгги йилларда бу соҳага катта кўмак ва маблағ берилди, фармацевтика зоналари ташкил этилди. Лекин бундан тўла фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотлари харидоргирлигини таъминлаш керак. Бунинг замирида қанча иш ўрни, қанча одамларнинг розилиги бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, машҳур брендларни мамлакатимизга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини юртимизда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
“Tashkent Pharma Park” кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, фармацевтика корхоналарига “GMP” халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилади.
Умуман, бу соҳада 1,5 миллиард долларлик 173 та лойиҳа шакллантирилган. Уларни молиялаштириш учун 600 миллион доллар йўналтирилади.
Мутасаддилар буларнинг натижасида 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берди.