10:12 (23.12.2022)
4240
Оғриқ қолдирувчи воситалар: турлари ва фарқлари
Оғриқ – бу тананинг “сигнализацияси”, яъни хавф ҳақида огоҳлантириш. Оғриқ туфайли танамизга эътибор ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўламиз. Бу жароҳатлардан қочишга ва ривожланаётган касалликка ўз вақтида жавоб беришга ёрдам беради. Бироқ оғриқни йўқотиш осон эмас. Бунинг учун оғриқ қолдирувчи дориларни тўғри танлаш керак.
Оғриқ қолдирувчи воситаларнинг турлари
Тиббиётда оғриқ қолдирувчи воситаларнинг турли гуруҳлари қўлланилади, маълум дори-дармонларни танлаш ташхис ва оғриқ жойига боғлиқ. Aналгетик таъсирга эга дориларнинг асосий гуруҳлари қуйидагилардан иборат:
Стероид бўлмаган яллиғланишга қарши дорилар. Кўпинча умуртқа поғонаси, бўғимлар, мушакларнинг яллиғланиш касалликлари, невралгия, асоратланмаган шикастланишлар учун буюрилади. Улар бошқа яллиғланиш жараёнларида ҳам қўлланилиши мумкин.
Наркотик бўлмаган аналгетиклар ёки антипиретик-аналгетиклар. Улар юқори ҳароратда, шунингдек, енгил ва мўътадил оғриқни йўқотиш учун, масалан, бош ва тиш оғриғи, жароҳатлар ёки аёллардаги даврий оғриқлар вақтида қўлланилади.
Спазмолитик воситалар. Ички органлар бўшлиғидаги ва қон томирларининг силлиқ мушакларидаги спазмлар пайтида юзага келадиган оғриқни бартараф этади.
Маҳаллий анестезиклар. Бундай дорилар танадаги ҳар қандай соҳанинг сезгирлигини зудлик билан камайтириш ёки бутунлай “ўчириш” керак бўлганда қўлланилади. Таъсир жойига қараб, улар дозалаш шаклида фарқланади.
Комбинацияланган оғриқ қолдирувчи воситалар. Ушбу оғриқ қолдирувчи воситалар бир-бирини тўлдирувчи, бир вақтнинг ўзида бир ёки бир нечта муаммоларни ҳал қила оладиган икки ёки ундан ортиқ фаол моддаларни ўз ичига олади.