13:53 (15.10.2024)
509
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, иккинчи қон гуруҳидаги ёшроқ одамларда инсульт эҳтимоли бошқа қон гуруҳлари эгаларига қараганда 16 фоизга юқори.
Генетика тадқиқотлари инсоннинг қон гуруҳи ва эрта инсульт эҳтимоли ўртасидаги қизиқарли боғлиқликни аниқлади. ScienceAlert нашрининг хабар беришича, Мериленд университети олимлари иккинчи қон гуруҳига эга одамларда 60 ёшга қадар инсультни бошдан кечириш хавфи юқори эканлигини аниқлашган.
Бу йўналишдаги тадқиқотлар 2022 йилда бошланган эди. Олимлар А1 кичик гуруҳи ёшроқ инсонларда инсульт хавфининг юқори бўлиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлашганди.
Олимлар 17 минг инсультга чалинган бемор ва тахминан 600 минг соғлом инсонларни қамраб олган 48 та генетик тадқиқот натижаларини таҳлил қилди. Тадқиқот иштирокчиларининг ёши 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган.
Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, иккинчи қон гуруҳидаги одамларда инсульт эҳтимоли бошқа қон гуруҳлари эгаларига қараганда 16 фоизга юқори. Аксинча, биринчи қон гуруҳига эга бўлган одамларда хавф 12 фоизга паст бўлган.
Тадқиқот раҳбари Стивен Киттнернинг таъкидлашича, хавфнинг аниқ сабаблари ҳали номаълум. Унинг тахминича, бу қон ивишининг ўзига хос хусусиятлари, тромбоцитлар ёки тромблар ҳосил бўлишида иштирок этувчи оқсиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аниқ маълумотларни олиш учун қўшимча тадқиқотлар талаб этилади.