09:50 (10.02.2025)
899
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш;
- аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш;
- табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш;
- ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаш;
- “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш;
- республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш.
2025 йил 1 мартгача тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг инсон саломатлигига фойдасини тарғиб қилишни кучайтириш дастури ишлаб чиқилади;
2025 йил 1 августгача озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бошқариш ва мониторинг қилиш мақсадида идоралараро яхлит Миллий ахборот платформаси ишлаб чиқилади.